Фарғона вилояти ва Қорақалпоғистонда Афғонистондан келтирилган йирик миқдордаги гиёҳванд моддалар олиб қўйилди

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) Фарғона вилояти ва Қорақалпоғистонда Афғонистондан олиб кирилган йирик миқдордаги гиёҳванд моддаларнинг мусодара қилинганини маълум қилди.

Биринчи ҳолатда, Марғилондан бўлган 42 ёшли тадбиркор ва унинг 36 ёшли шериги 9896 грамм гашишни қабул қилиш вақтида қўлга олинди. Гиёҳванд модда Афғонистондан наркокурьерлар томонидан Сурхондарё вилояти ҳудудига олиб кирилиб, Фарғона водийсида сотиш мақсадида Ёзёвон туманидаги дала участкасида яширин жойга ўтказилган.

Жиноят жойидан қочишга уринган тадбиркордан 14,5 минг АҚШ доллари ва 6,25 млн сўм олиб қўйилди. Бундан ташқари, жиноятга алоқадорликда гумон қилинган учинчи шахснинг яшаш жойидан 110 грамм опий, 1200 доллар ва 28 млн сўм топилди.

Бошқа бир ҳолатда, ДХХ хабарига кўра, муқаддам гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси учун судланган, Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида яшовчи 62 ёшли фуқаро Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида яшовчи 47 ёшли фуқаро билан тил бириктириб, афғон наркосавдогарларидан йирик миқдордаги гиёҳванд воситаларни буюртма қилган.

Гиёҳванд моддалар курьерлар томонидан Афғонистондан Сурхондарё вилоятига етказилган, сўнг Тўрткўл туманидаги яширин жойга беркитилган. Тезкор тадбир давомида иккала шахс ҳам яширин жойдан 6149 грамм опий ва 9814 грамм кўкнор поясини олиш вақтида қўлга олинди.

Барча қўлга олинганларга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси (контрабанда) ва 273-моддаси (гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, улар қамоққа олинган. Уларнинг шерикларини аниқлаш чоралари кўрилмоқда, дейилади хабарда.