
Бир қатор ОАВ ва ижтимоий тармоқларда Афғонистонда ўзбек тилидан фойдаланишга чекловлар жорий этилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Афғонистон ТИВга мурожаат қилди, деб хабар берди ташқи сиёсат маҳкамаси матбуот котиби Аҳрор Бурхонов.
«Афғонистон расмийлари ушбу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини, мамлакат ҳудудида ўзбек тилидан фойдаланиш бўйича ҳеч қандай чекловлар мавжуд эмаслигини қатъий таъкидладилар, шунингдек, Афғонистон ҳукумати ва халқи биродар ўзбек халқи ҳамда унинг тилига юксак ҳурмат билан қарашини алоҳида қайд этдилар», — деди ТИВ матбуот котиби.
Афғонистон ТИВ маълумотларига кўра, ҳозирда у ерда олий ўқув юртлари ва мактаблар пештоқидаги ёзувларни стандартлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бутун мамлакат бўйлаб ёзувлар 3 та тилда — пушту, дари ва инглиз тилларида акс эттирилади. Шу билан бирга, шимолий ҳудудлар, жумладан Саманган университети учун истисно қилинган — у ерда ёзувлар пушту, дари ва ўзбек тилларида жойлаштирилади.
Бундан ташқари, Афғонистон ҳукумати тарихда илк бор Жузжон давлат университетида магистратура босқичида «Ўзбек тили ва адабиёти» факултетини очишни режалаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда Ўзбекистон ТИВ расмий вакили Толибон Афғонистонда ўзбек тилини ўрганишни тақиқлагани ҳақидаги хабарларни аллақачон рад этган эди. 2021 йил сентябрь ойида ОАВ «Толибон» ҳаракати иккита расмий тилни — пушту ва дарини қолдирувчи вақтинчалик қонун чиқаргани ҳақида ёзган эди. Аввалроқ мамлакатда шимолий вилоятларнинг кўплаб аҳолиси сўзлашадиган ўзбек тили ҳам расмий мақомга эга эди.