Афғонистондаги зилзила қурбонлари сони 1100 кишидан ошди

Афғонистондаги кучли зилзила оқибатида камида 1124 киши ҳалок бўлди, яна 3251 киши жароҳатланди, дея хабар беради CNN Афғонистон Қизил Ярим Ой Жамиятининг янгиланган маълумотларига таяниб. 8000 дан ортиқ уй вайрон бўлган.

Афғонистонда ҳукмронлик қилаётган «Толибон» ҳаракати халқаро ҳамжамиятдан ёрдам сўради. БМТ фавқулодда вазиятларга жавоб қайтариш жамғармасидан (CERF) 5 млн доллар ажратди. Буюк Британия жабрланганларни қўллаб-қувватлаш учун 1 млн фунт стерлинг ажратилишини эълон қилди. Хитой, Ҳиндистон ва Швейцария ҳам гуманитар ёрдам кўрсатишни ваъда қилди, деб ёзади BBC News.

6,0 магнитудали зилзила 2025 йил 31 август куни маҳаллий вақт билан ярим тунга яқин, Афғонистон шарқидаги Нангарҳар вилоятининг Жалолобод шаҳридан 27 км шимоли-шарқда содир бўлди. Унинг ўчоғи тахминан 8 км чуқурликда жойлашган эди. Энг кўп зарар кўрган Қунар вилоятида камида 3 та қишлоқ вайрон бўлган. Яна 3 та вилоятда: Лағмон, Нуристон ва Панжшерда ҳам вайронагарчиликлар қайд этилган.

Зилзиладан энг кўп зарар кўрган чекка тоғли ҳудудларда қидирув-қутқарув ишлари кучли ёмғир, кўчкилар ва шикастланган йўллар туфайли мураккаблашмоқда.