Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жаҳон 19/03/2026

Афғонистон Покистон авиазарбалари оқибатида юзлаб одамлар ҳалок бўлганини маълум қилди. Исломобод ҳужумга алоқадорлигини инкор этмоқда

Афғонистон Покистонни Кобулдаги гиёҳвандларни реабилитация қилиш марказига авиазарба беришда айблади, расмийларнинг таъкидлашича, бунинг оқибатида юзлаб одамлар ҳалок бўлган, деб ёзади Guardian ва Al Jazeera.

Афғонистон ҳукумати вакили Ҳамдулла Фитратнинг сўзларига кўра, 2000 ўринли даволаш муассасаси 2026 йил 16 март куни маҳаллий вақт билан соат 21:00 атрофида ўққа тутилган.

«Шифохонанинг катта қисми вайрон бўлган ва кўплаб қурбонлар бўлишидан хавотирлар бор. Афсуски, ҳозирда ҳалок бўлганлар сони 400 кишига етди, яна 250 га яқин киши жароҳатланди», — деб ёзди у ўзининг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

BBC News суратга олиш гуруҳи шифохонага ташриф буюрди, унинг бир қисми ҳали ҳам ёнаётган эди ва у ердан 30 дан ортиқ жасад замбилларда олиб чиқилаётганига гувоҳ бўлди.

Покистон Афғонистоннинг айбловларини ёлғон ва чалғитувчи деб атади. «2026 йил 16 мартга ўтар кечаси Кобул ва Наангарҳорда берилган зарбалар аниқ йўналтирилган, пухта режалаштирилган ва профессионал тарзда амалга оширилган. На шифохоналар, на гиёҳвандларни реабилитация қилиш марказлари ёки фуқаролик объектлари нишонга олинмаган. Нишонлар ҳарбий ва террорчилик инфратузилмаси, жумладан ўқ-дорилар ва техник воситалар омборлари, шунингдек, Покистонга қарши душманлик фаолияти билан боғлиқ бошқа объектлар бўлган», — деб маълум қилди мамлакат ахборот вазири Аттаулла Тарар Х тармоғида. Унинг сўзларига кўра, Кобулдаги зарбалардан кейин кузатилган иккиламчи портлашлар йирик ўқ-дори омборлари мавжудлигидан далолат беради.

Покистон ва Афғонистон ўртасидаги можаронинг авж олиши 2026 йил февраль ойи охирида, Кобул Исломободнинг мамлакат ичкарисига берган авиазарбаларига жавобан чегара олди вилоятларида операция бошлаганида содир бўлди. Шундан сўнг Покистон «Толибон»га қарши «очиқ уруш» эълон қилди.

Покистон ва Афғонистон ўртасидаги муносабатлар бир неча ой аввал, Исломобод «Толибон»дан Покистондаги ҳужумларни кучайтирган жангариларга қарши чора кўришни талаб қилганида ёмонлашган эди. Покистон улар Афғонистон ҳудудидаги бошпаналардан туриб ҳаракат қилаётганини даъво қилмоқда. «Толибон» эса бу айбловларни рад этган.

2025 йил октябрь ойида Покистон ва Афғонистон чегарасида қуролли тўқнашувлар юз бериб, натижада икки томондан ўнлаб ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлган эди. Кейинроқ мамлакатлар сулҳ тузишга келишиб олган, бироқ вақти-вақти билан ўзаро ўқ узишлар давом этмоқда.