Ўзбекистон Афғонистондаги тўқимачилик корхоналарини тиклашга ёрдам беради

Ўзбекистон ва Афғонистон тўқимачилик ишлаб чиқаришини қайта тиклаш бўйича қўшма лойиҳани амалга оширишни бошлади. Бу ҳақда Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Афғонистоннинг давлат корхонаси Afghan Textile Corporation ўртасида Ўзбекистонда ўз фаолиятини тўхтатган айрим тўқимачилик корхоналарини Афғонистонда маҳаллийлаштиришни назарда тутувчи ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳужжат шунингдек, дастлабки инвентаризация ва лойиҳа ишларини ташкил этишни ҳам ўз ичига олади.

2025 йил октябрь ойида палата делегацияси мутахассислар билан биргаликда тўқимачилик корхоналари, жумладан, «Гулбаҳор» (Парвон вилояти), «Қандаҳор» (Қандаҳор вилояти), «Балх» (Балх вилоятидаги Мозори-Шариф), «Пули-Хумри» (Бағлон вилоятининг Пули-Хумри шаҳри) фабрикаларини, шунингдек, Қобулдаги тикувчилик цехини ўрганди.

Мутахассислар бинолар, жиҳозлар ва инфратузилманинг ҳозирги ҳолатини баҳоладилар, шунингдек, дастлабки лойиҳаларни тайёрлаш учун зарур бўлган техник-иқтисодий маълумотларни тўпладилар.

Таҳлил натижалари бўйича Афғонистон ҳудудида тўқимачилик корхоналарини тиклаш ва ишга тушириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиши режалаштирилган, дейилади хабарда.

Бундан аввалроқ, Ўзбекистоннинг Sogdiana Trans компанияси ва Афғонистоннинг Khan Daqiq Trading компанияси Қобулда логистика соҳасида қўшма корхона тузган эди. Режаларга Қозоғистон, Беларусь, Россия, Болтиқбўйи давлатларига юкларни етказиб беришни ташкил этиш, шунингдек, Европа, МДҲ, Афғонистон ва Покистонни боғлайдиган янги йўналишларни ривожлантириш киради.