
Ўзбекистон президенти 2026 йил 6 мартдаги қарори билан Афғонистон билан имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни тасдиқлади.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси халқаро шартномани амалга ошириш учун масъул этиб белгиланди. Ташқи ишлар вазирлигига Афғонистон томонига Ўзбекистон томонидан халқаро ҳужжат кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедуралари бажарилгани тўғрисида тегишли билдиришнома юбориш топширилди.
Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида имтиёзли савдо тўғрисидаги битим, шунингдек, 2025–2026 йилларга мўлжалланган савдо-иқтисодий ва саноат соҳаларида икки томонлама ҳамкорлик дастури 2025 йилнинг июнь ойида Тошкентда имзоланган эди.
Ўшанда Президент Шавкат Мирзиёев Афғонистон саноат ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Нуриддин Азизий билан учрашувда Қобул билан иқтисодий ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлашни устувор вазифа сифатида белгилаган эди. Яқинда бўлиб ўтган музокараларда Афғонистон вазири ва Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев имтиёзли савдо режимини ишга туширишни тезлаштириш, шунингдек, инвестиция ва саноат кооперацияси соҳасидаги лойиҳаларни илгари суришга келишиб олдилар.
Сўнгги 5 йил ичида мамлакатлар ўртасидаги савдо ҳажми 2,5 бараварга ошиб, 2021 йилдаги 653 млн доллардан 2025 йилда 1,68 млрд долларга етди (ушбу ҳажмдан Ўзбекистон экспорти 1,5 млрд долларни ташкил этади). Томонлар белгилаган навбатдаги марра — 5 млрд доллар.