Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш

«Росатом» раҳбари эҳтимолий санкцияларнинг Ўзбекистондаги АЭС лойиҳасига таъсирини баҳолади

Россияга нисбатан санкциялар босими «Росатом» давлат корпорацияси лойиҳаларига таъсир кўрсатди, бироқ уларнинг амалга оширилишини тўхтатиб қўйгани йўқ. Бу ҳақда 2026 йил 24 март куни журналистлар билан суҳбатда «Росатом» бош директори Алексей Лихачёв маълум қилди.

«Сўнгги икки йил давомида санкциялар, албатта, маълум бир босим ўтказди, лекин ҳеч қаерда лойиҳаларни чорасиз ҳолатга келтириб қўймади. Ҳамма жойда лойиҳалар олдинга қараб силжимоқда», — деб қайд этди Ўзбекистондаги бўлажак АЭСнинг асосий элементлари маҳаллийлаштирилганми ва янги чекловлар унинг қурилишига таъсир қилиши мумкинми, деган саволга жавоб берар экан.

Унинг сўзларига кўра, лойиҳанинг ташқи таъсирларга ва санкциялар босимига чидамлилигини таъминловчи асосий омиллардан бири маҳаллий компанияларни жалб қилишдир.

«Лойиҳанинг барқарорлиги ва ташқи таъсирларга, шу жумладан санкциялар босимига чидамлилиги нуқтаи назаридан қараганда, бу ишга қанчалик кўп маҳаллий компаниялар жалб қилинса, барқарорлик шунчалик юқори бўлади. Бу биз ишлаётган барча жойларда ва амалиётда ўз тасдиғини топган», — дея таъкидлади Лихачёв.

У ташқи чекловларга қарамай, турли мамлакатларда лойиҳалар амалга оширилиши давом этаётганини қўшимча қилди.

«Ҳамма жойда лойиҳалар олдинга силжимоқда. Жорий йилда Бангладеш, Туркия ва Хитой Халқ Республикасидаги блокларни ишга тушириш операциялари сари борамиз. Умуман олганда, лойиҳалар бошқа мамлакатларда ҳам тизимли равишда ривожланмоқда», — деди «Росатом» раҳбари.

2025 йил декабрь ойида «Атомстройэкспорт»нинг Ўзбекистондаги АЭС қурилиши лойиҳаси директори Павел Безруков «Росатом»га қарши эҳтимолий санкциялар ва уларнинг Жиззах вилоятидаги АЭС лойиҳасига таъсири ҳақида фикр билдирган эди.

«Биринчидан, биз аллақачон жуда узоқ вақтдан бери санкциялар остидамиз — „Росатом“ эмас, балки ҳеч бўлмаганда мамлакат. „Росатом“ станция учун барча муҳим элементларни аллақачон ўзи учун маҳаллийлаштириб бўлган, шунинг учун бу [санкциялар жорий этилиши] атом станциясига ва унинг қурилишига ҳеч қандай таъсир қилмайди», — деб жавоб берганди у.

АҚШ ва Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкциялари «Росатом»нинг чет элдаги баъзи лойиҳаларига таъсир кўрсатди. Туркиядаги «Аккую» АЭС лойиҳаси давом этмоқда, бироқ у кечикишларга дуч келмоқда — биринчи энергоблокни ишга тушириш 2023 йилдан 2026 йилга кўчирилди. Бунга сабаб сифатида Ғарб ускуналарини (жумладан, Siemens Energy) етказиб беришдаги муаммолар ва Россия молия секторига қарши санкциялар фонида банк операцияларини амалга оширишдаги қийинчиликлар кўрсатилмоқда.

Венгриядаги «Пакш-2» лойиҳаси эса Европа Иттифоқи регуляторлари босими остида қолмоқда. 2025 йил сентябрь ойида Европа Иттифоқи суди Европа комиссиясининг давлат томонидан қўллаб-қувватланишини маъқуллаш ҳақидаги қарорини бекор қилди, бу эса лойиҳанинг амалга оширилиши учун қўшимча ҳуқуқий тўсиқларни юзага келтирди.