
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги («Ўзатом») ва Россиянинг «Росатом» корпорацияси атом ва турдош соҳаларда ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси»ни ҳамда атом электр станциясини қуриш шартномасига қўшимча келишувни имзоладилар.
Ҳужжатларни 2026 йил 24 март куни Тошкентда «Ўзатом» директори Азим Аҳмедхўжаев ва «Росатом» бош директори Алексей Лихачёв имзоладилар.
«Йўл харитаси» АЭС лойиҳаси бўйича ҳамкорликнинг асосий йўналишларини, жумладан, кадрлар тайёрлаш, аҳолини замонавий ядро технологиялари ҳақида хабардор қилиш ва станция яқинида келажакдаги «атом» шаҳарчасини барпо этишни ўз ичига олади. Қайд этилишича, ҳужжат томонлар ҳамкорлигининг комплекс характерини мустаҳкамлайди.
Келишув станциянинг янги конфигурациясини назарда тутади: лойиҳага 3+ авлодига мансуб ВВЭР-1000 реакторлари базасидаги иккита катта қувватли энергоблок (ҳар бири 1 ГВт дан) ва ҳар бири 55 МВт қувватга эга бўлган РИТМ-200Н реакторли иккита энергоблок киради (дастлаб олтита реактор кўзда тутилган эди). Объектнинг умумий қуввати 2110 МВт ни ташкил этади.
АЭС тўлиқ қувват билан ишлаганидан сўнг йилига тахминан 17,2 млрд кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқариши ва мамлакатдаги истеъмолнинг 15 фоизигача бўлган қисмини таъминлаши мумкин.
Шу билан бир вақтда, Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги қурилиш майдончасида РИТМ-200Н реакторли кичик қувватли атом станцияси лойиҳаси доирасида бетонлаш ишлари бошланди.
Ишларга вице-президент — АЭС қурилиши дирекцияси директори Абдижамил Калмуратов ва «Атомстройэкспорт» АЖнинг Ўзбекистонда АЭС қуриш лойиҳаси директори Павел Безруков старт берди.
Реактор биноси остига бетон тайёрлаш босқичи доирасида қарийб 900 кубометр қоришма қуйиш режалаштирилган. Ишлар 2026 йилнинг апрель ойида якунланиши лозим. Ушбу босқичда пойдевор остидаги асос текисланади, гидроизоляция ва ерга улаш (заземление) ишлари таъминланади. Кейинги асосий босқич реактор биноси пойдевор плитасига «биринчи бетон» қуйиш бўлади.
«Ўзатом» раҳбари Азим Аҳмедхўжаев бошланган ишлар мамлакатнинг энергетик келажаги учун муҳим босқич эканини таъкидлади.
«Бугун Ўзбекистон келажаги учун тарихий кун — биз замонавий атом энергетикасини яратиш бўйича миллий дастурни амалга оширишда ҳал қилувчи қадамни қўйдик. Жиззах вилояти Фориш туманидаги қурилиш майдончасида РИТМ-200Н реакторли кичик қувватли энергоблокни барпо этиш бўйича илк бетон ишлари бошланди», — деди.
Унинг сўзларига кўра, лойиҳа атом соҳасини ривожлантиришни шахсан назорат қилаётган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қўллаб-қувватлаши билан амалга оширилмоқда.
«Қадамма-қадам, жадвалга ва энг юқори хавфсизлик стандартларига қатъий мувофиқ ҳолда, биз олдинга интиламиз — бетон тайёрлашдан тортиб реактор биносини қад кўтариш, ускуналарни монтаж қилиш ва ниҳоят энергоблокларни ишга туширишгача», — деди Азим Аҳмедхўжаев.
«Росатом» бош директори Алексей Лихачёв имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистонда атом лойиҳасини амалга оширишнинг янги моделига ўтишни мустаҳкамлашини, бунда турли қувватдаги энергоблоклар бир вақтнинг ўзида қурилишини таъкидлади.
«Биз янги моделга ўтмоқдамиз. Бу нафақат Ўзбекистондаги лойиҳани амалга ошириш нуқтаи назаридан, балки глобал атом энергетикаси ривожланиши нуқтаи назаридан ҳам янгиликдир. Бир вақтнинг ўзида битта майдонда турли қувватдаги лойиҳалар — ҳам гигаватт классдаги кучли ВВЭР-1000, ҳам 55 мегаваттли РИТМ-200 кичик қувватли реакторлари амалга оширила бошланади. Бунчалик турли форматдаги станцияларни бир майдонда ҳеч ким ҳеч қачон яратмаган», — деди.
Унинг айтишича, бундай конфигурация «ҳам технологик, ҳам иқтисодий афзалликларга эга ва атом энергетикаси ривожланишида янги саҳифа очади».
Иккинчи имзоланган ҳужжат ҳамкорликнинг «йўл харитаси» бўлиб, у нафақат энергетика йўналишини, балки кенгроқ вазифаларни ҳам қамраб олади.
«Йўл харитаси Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг бевосита топшириғи билан ишлаб чиқилди. У бизнинг ташаббусимизни қўллаб-қувватлади ва Ўзбекистонда атом энергетикасини яратишга тизимли ёндашишимиз, нафақат қурилиш, балки кадрлар тайёрлаш, илмий соҳа, энергетикага оид бўлмаган технологиялар, хусусан тиббиётни ривожлантириш ҳақида ҳам ўйлашимиз учун жараённи тезлаштиришни сўради», — деди «Росатом» раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, лойиҳанинг ижтимоий жиҳатига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
«Биз атомград яратиш ҳақида гапиряпмиз — бу шинам ҳаёт кечириш, замонавий тиббиёт, замонавий таълим маскани ва атомчиларнинг бутун бир авлодини шакллантириш жойи бўлади», — деди Алексей Лихачёв.
Шунингдек, у ҳужжатлар имзоланган куни кичик атом энергетикаси объектларини жойлаштириш учун лицензиялар берилганини маълум қилди.
«Регулятор технологияларнинг ҳаётийлигини ва яратилаётган объектларнинг хавфсизлигини тасдиқлади ва бугун жойлаштириш учун лицензия берди. Бу дегани, айнан бугун биз ядровий назорат нуқтаи назаридан кичик атом қуввати объектини яратишга ўтамиз», — деди.
У йирик энергоблоклар қурилиши ҳам яқин орада бошланишини ва ишлар параллель равишда олиб борилишини қўшимча қилди.
«Биз иқтисодий тил билан айтганда ягона бэк-офисга эга бўладиган ушбу икки компетенцияни параллель равишда барпо этамиз. Умумстанция бинолари ва инфратузилмаси бирлаштирилади», — дея тушунтирди «Росатом» раҳбари.
Сентябрь ойи охирида Ўзбекистон ва Россия Жиззах вилоятининг Фориш туманида келажакдаги атом станцияси конфигурациясини белгиловчи ҳужжатларни имзолаган эди. Томонлар, шунингдек, реакторлар учун ядро ёқилғисини етказиб бериш бўйича ҳам келишиб олдилар. Энергоблокларни ишга тушириш 2029–2035 йилларга мўлжалланган. Кичик ва йирик АЭСларни бир вақтда жойлаштириш ҳисобига «МВт⋅соат нуқтаи назаридан энг тежамкор вариант» кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, кичик АЭС асосида атом муз ёрар кемаларида ишлатилган РИТМ-200Н сув-сувли ядро реактори ётади, бироқ ушбу реакторли ер усти АЭСи ҳали қурилмаган ва референт (синовдан ўтган) ҳисобланмайди. Бундан ташқари, Ўзбекистон бир майдонда бир вақтнинг ўзида ҳам кичик, ҳам йирик АЭС жойлашган дунёдаги биринчи мамлакат бўлади.