
Атом электр станцияси қурилиши дирекцияси директори Абдужамил Қалмуратов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида бўлажак АЭС мутахассислари ва уларнинг оилалари учун моношаҳар қурилиши тафсилотлари билан ўртоқлашди.
Унинг сўзларига кўра, станциядан 16 км узоқликда жойлашган янги моношаҳар 10 минг оилага мўлжалланган бўлиб, аҳоли сони камида 30 минг кишини ташкил этади.
Мастер-режага кўра, 100 гектар майдонда мактаблар, болалар боғчалари, турар-жой мавзелари, хиёбонлар, спорт заллари ва нафақат Фориш тумани аҳолисига, балки бутун Жиззах вилоятига хизмат қиладиган кўп функцияли тиббиёт маркази жойлаштирилади.
Шаҳарда, шунингдек, поликлиника, дорихоналар, 60 ва 100 ўринли иккита меҳмонхона, тез тиббий ёрдам станцияси, маданият саройи ва бошқа ижтимоий объектлар пайдо бўлади. Ҳудуднинг 55 гектари беш ва етти қаватли турар-жой бинолари учун ажратилган.
Лойиҳада санитария-муҳофаза зоналари, сув омбори иншоотлари, электр подстанцияси ва кейинги уй-жой қурилиши учун захира участкаларини яратиш кўзда тутилган. Шаҳарча атрофида 40 гектар яшил ҳудудни ободонлаштириш режалаштирилган.
«Тақдимот чоғида Президент бўлажак моношаҳарнинг намунали ва замонавий кўринишини таъминлашга, шунингдек, ядро тиббиёти йўналишини ривожлантириш вазифасини қўйди», — деди Қалмуратов.
2025 йил сентябрь ойи охирида Ўзбекистон ва Россия Жиззах вилоятининг Фориш туманида бўлажак атом станциясининг конфигурациясини белгиловчи ҳужжатларни имзолади. Томонлар реакторлар учун ядро ёқилғисини етказиб бериш бўйича ҳам келишиб олдилар. Энергоблокларни ишга тушириш 2029−2035 йилларга мўлжалланган. Кичик ва йирик АЭСни бир вақтда жойлаштириш ҳисобига «МВт·соат нуқтаи назаридан максимал даражада тежамкор вариант» кутилмоқда.
Интеграциялашган АЭС иккита йирик ВВЭР-1000 реактори (ҳар бири 1 ГВт) ва иккита кичик РИТМ-200Н реакторини (ҳар бири 55 МВт) ўз ичига олади. Объектнинг умумий қуввати 2110 МВт ни ташкил этади, тўлиқ ишга туширилгандан сўнг йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш 16−17 млрд кВт·соатга етиши керак, Ўзбекистоннинг энергия балансидаги улуши эса 12−15% ни ташкил этади. Ҳисобланган эксплуатация муддати — 60 йил.