
2025 йил давомида Ўзбекистон аэропортлари 128 972 та авиарейсга хизмат кўрсатди, бу 2024 йилга нисбатан 14 фоизга кўп. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар берди.
Шундан 92 480 та рейс халқаро йўналишларда, яна 36 492 та рейс ички йўналишларда амалга оширилган.
Йил давомида хизмат кўрсатилган йўловчилар сони 15 504 264 кишини ташкил этиб, 2024 йилги кўрсаткичдан 15 фоизга ошди. Улардан 12 707 101 нафар йўловчи халқаро рейслардан, 2 797 163 нафар йўловчи эса ички рейслардан фойдаланган.
Юк ташиш сегментида ҳам ижобий динамика сақланиб қолмоқда. 2025 йилда Ўзбекистон аэропортлари орқали 98 137 тонна юк ва почта ўтган, бу 2024 йилга нисбатан 12 фоизга кўп.
2025 йили Ўзбекистон аэропортларига 4 та янги йўловчи авиакомпанияси жалб қилинди: Хитойнинг Air China ва China Eastern, Кореянинг T’Way ҳамда Малайзиянинг AirAsia компаниялари.
«2025 йил якунлари мамлакат авиация тармоғининг барқарор ривожланишини, халқаро ҳаракатчанликнинг ўсишини ва ички авиақатновларнинг босқичма-босқич кенгайишини акс эттиради», — дея қайд этди мамлакат аэропортлари матбуот хизмати.