Адиз Бобоев Самарқанд вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди

Самарқанд вилояти халқ депутатлари кенгаши депутатлари 2025 йил 25 ноябрь куни бўлиб ўтган сессияда Адиз Бобоевни Самарқанд вилояти ҳокими лавозимига тайинлашни қўллаб-қувватлади, дея хабар берди президент матбуот хизмати.

«Биз мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, иқтисодиётнинг барқарор ўсиши ҳисобига аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича олдимизга катта мақсад ва режаларни қўймоқдамиз. Бу ишни ташкил этиш учун вилоятга замонавий фикрлайдиган, муаммоларни тизимли таҳлил қила оладиган ва инновацион ечимларни таклиф эта оладиган раҳбар керак», — деди ҳудудга ташриф буюрган президент Шавкат Мирзиёев.

У 2024 йил 28 ноябрдан буён ҳоким вазифасини бажариб келаётган Адиз Бобоев номзодини Самарқанд вилояти ҳокими лавозимига таклиф қилди. Овоз бериш якунларига кўра, Бобоев ўз лавозимида тасдиқланди.

Давлат раҳбари янги ҳоким Самарқандни иш ўринлари яратиш, камбағаллик даражасини камайтириш, инвестиция ва экспорт ҳажмини ошириш, маҳсулот таннархини пасайтириш ва энергия самарадорлигини ошириш бўйича намунали ҳудудга айлантириши шартлигини таъкидлади.

Адиз Бобоев (1972 й.т.) Тошкент давлат иқтисодиёт университетини (1993) тамомлаган. Бухоро вилояти Молия бошқармасида (1993−2007), Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси Ижро этувчи дирекцияси даромадларни прогнозлаштириш бўлими бошлиғи (2008−2010), Давлат бюджети Бош бошқармасининг консолидациялашган бюджет даромадларини режалаштириш ва таҳлил қилиш бўлими бошлиғи ўринбосари (2010−2012), Давлат ривожлантириш лойиҳаларини молиявий таъминлаш департаменти бошлиғи ва Молия вазирлиги тизимидаги бошқа раҳбар лавозимларда ишлаган.

Бундан ташқари, у Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари (2020−2023), сўнгра 2023 йил февралидан — Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари бўлган. 2024 йил январидан ноябригача Ҳисоб палатаси раиси лавозимида ишлаган.

Вилоятнинг аввалги ҳокими 2018−2024 йилларда Эркинжон Турдимов бўлган, у кейинчалик Сирдарё вилоятига раҳбарлик қилган.