Президент Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов билан учрашди

Абдуқодир Ҳусанов расм

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон терма жамоаси ва «Манчестер Сити» футбол клуби ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов билан учрашди. Бу ҳақида Футбол ассоциацияси матбуот хизмати хабар берди.

Футболчи давлат раҳбарига ўз имзоси туширилган «Манчестер Сити» клуби футболкасини тақдим этди. Суратларда Ҳусановнинг отаси Ҳикмат Ҳошимов ва президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева ҳам акс этган.

2025 йил 21 март куни тушдан кейин давлат раҳбари билан учрашувдан аввал Ҳусанов «Янги Ўзбекистон» боғига ташриф буюрди. У ерда Наврўз байрамига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Байрамда президент нутқ сўзлаб, халқни қутлади.

Кечқурун футболчи 2026 йили бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати саралаш босқичининг муҳим ўйинларидан бири – Эронга қарши баҳсга тайёрланаётган Ўзбекистон терма жамоасининг тикланиш машғулотларида иштирок этди. Беллашув 2025 йил 25 март куни Теҳронда, Тошкент вақти билан 21:00 да бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, 20 март куни Ўзбекистон Тошкентда Қирғизистонни мағлуб этди (1:0). Ушбу ғалабадан сўнг Ўзбекистон 16 очко билан «A» гуруҳида иккинчи ўринни сақлаб қолди. Эрон 19 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Уларни БАА ва Қатар (10 очкодан), Қирғизистон (3) ва КХДР (2) таъқиб қилмоқда.

Абдуқодир Хусановнинг «Манчестер Сити»даги статистикаси билан ҳавола орқали танишишингиз мумкин.