
Абдулазиз Ўролбоевич Аққулов Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси этиб тайинланди. Бу ҳақдаги қарорни Президент Шавкат Мирзиёев имзолади.
Умид Рустамович Шодиев бошқа ишга ўтиши муносабати билан 2023 йил июль ойидан буён эгаллаб келган қўмита раҳбари лавозимидан озод этилди.
Абдулазиз Аққулов ҳақида
Абдулазиз Аққулов (1985 йилда туғилган) — Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг «Халқаро туризмни бошқариш» мутахассислиги бўйича тамомлаган.
2006 йилдан буён Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасида турли лавозимларда ишлаган. 2018 йил ноябрдан 2020 йил февралгача қўмита раиси вазифасини вақтинча бажарувчи, сўнгра қўмита раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган, 2021 йил апрель ойида эса туризм ва спорт вазири ўринбосари бўлган.
2022 йил апрель ойида Ўзбекистоннинг Бирлашган Араб Амирликларидаги элчиси этиб тайинланган эди.
Туризм қўмитасининг қайта ташкил этилиши
Ўзбекистоннинг Биринчи Президентининг 1992 йил 27 июлдаги фармони билан «Ўзбектуризм» миллий компанияси — Вазирлар Маҳкамасига ҳисобдор, давлат бошқаруви ва ташқи иқтисодий фаолият ҳуқуқлари берилган хўжалик ташкилоти сифатида ташкил этилган.
2016 йил 2 декабрда ўша пайтдаги Президент вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисидаги фармонни имзолаган.
2021 йил апрель ойида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги негизида Туризм ва спорт вазирлиги ташкил этилган.
2022 йил февралида Туризм ва спорт вазирлиги Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Спортни ривожлантириш вазирлигига бўлинди.
2022 йил декабрида маъмурий ислоҳотлар доирасида Маданият ва туризм вазирлиги ташкил этилди.
2023 йил ёзида Табиий ресурслар вазирлиги Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига айлантирилди ва Экология вазирлиги ҳузурида Туризм қўмитаси тузилди.
2025 йил ноябрь ойида президент фармони билан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Экология ва иқлим ўзгариши бўйича миллий қўмитага айлантирилди, Туризм қўмитаси эса мустақил идорага айланди. Қўмита олдига туристлар сонини ва туризмнинг Ўзбекистон ЯИМдаги улушини ошириш, шунингдек, мамлакат ичидаги туристик инфратузилмани яхшилашга кўмаклашиш вазифалари қўйилган.