Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жаҳон 23/02/2026

«Тинчлик кенгаши»нинг тўққизта аъзо мамлакати, шу жумладан Ўзбекистон, Ғазога ёрдам учун 7 млрд доллар ажратади — Трамп

2026 йил 19 февраль куни Вашингтонда АҚШ президенти ташаббуси билан ташкил этилган ва у раҳбарлик қилаётган «Тинчлик кенгаши»нинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди, деб ёзади New York Times, CNN ва Washington Press. Тадбир АҚШ Тинчлик институтида ўтказилди, унинг номига ўтган йили Дональд Трамп исми қўшилган эди.

Учрашувда 40 дан ортиқ давлат етакчилари ва вакиллари иштирок этди. Уларнинг ярми кузатувчи сифатида қатнашди. Ташкилот низомини имзолаган Ўзбекистон номидан президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

«Менимча, бу кенгаш таъсир доираси, шубҳасиз, ҳокимият ва нуфуз нуқтаи назаридан энг қудратлиси, — деди Трамп йиғилишни очар экан. — Илгари бунга ўхшаш нарса бўлмаган, чунки булар энг буюк дунё етакчилари. Деярли ҳамма таклифни қабул қилди. Қабул қилмаганлар эса ҳали қабул қилади. Баъзилар бўйин товлашга ҳаракат қилмоқда, лекин бу фойдасиз. Мен билан бунақа ўйинлар ўтмайди».

Учрашув бошида Трамп тўққизта давлат Ғазога ёрдам бериш учун 7 млрд доллардан ортиқ маблағ ажратишга рози бўлганини эълон қилди.

«Қозоғистон, Озарбайжон, БАА, Марокаш, Баҳрайн, Қатар, Саудия Арабистони, Ўзбекистон ва Кувайт [Ғазога] ёрдам кўрсатиш чора-тадбирлари пакетига 7 млрд доллардан ортиқ маблағ киритганини мамнуният билан маълум қиламан. Бу ажойиб. Раҳмат сизларга, йигитлар. Бошқа кўплаб давлатлар ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда… Бу фақат бошланиши», — деди АҚШ президенти. Аввалроқ у «Тинчлик кенгаши»га аъзо давлатлар гуманитар ёрдам ва Ғазони тиклаш учун 5 млрд доллардан ортиқ маблағ ажратиш мажбуриятини олганини айтган эди.

NYT аниқлик киритишича, хусусан, БАА, Қатар ва Саудия Арабистони 1,2 млрд доллар ажратилишини маълум қилган.

Трампнинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар «Тинчлик кенгаши»га 10 млрд доллар йўналтиради. У йиғилган маблағлар айнан нимага сарфланиши, улар қаерда сақланиши ва харажатларни ким назорат қилишига аниқлик киритмади.

Трамп, шунингдек, «Халқаро барқарорлаштирувчи кучлар» (ISF) таркибини эълон қилди. Унга кўра, Индонезия, Марокаш, Албания, Косово ва Қозоғистон «Ғазони барқарорлаштириш учун қўшин ва полиция юборади». Индонезия президенти Прабово Субианто 8000 нафаргача ҳарбий юборишга тайёрлигини билдирди. Бошқа давлатлар томонидан юбориладиган қўшинлар сони ҳозирча номаълум. Барқарорлаштирувчи кучлар Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи қуролсизлантирилгунга қадар жойлаштириладими ёки йўқми, бу ҳозирча ноаниқ, деб ёзади CNN.

Guardian маълумотларига кўра, АҚШ Ғазо сектори жанубида қуришни режалаштираётган ҳарбий база ISF ни жойлаштириш учун операцион марказга айланади.

Миср ва Иордания, деб қўшимча қилди Америка президенти, «ҳақиқатан ҳам ишончли Фаластин ҳуқуқ-тартибот кучларини» шакллантиришда «жуда жиддий қўллаб-қувватлов» кўрсатади.

Трамп яна нималар деди

АҚШ президенти Норвегия «Тинчлик кенгаши»нинг навбатдаги учрашувларидан бирини ўзида қабул қилишга рози бўлганини айтди. Шу билан бирга, у Норвегия Нобель қўмитаси томонидан бериладиган Нобель тинчлик мукофотини ололмаганини яна бир бор эслатиб ўтди. «Бу ерда «Норвегия эълон қилишидан хурсандман» деб ёзилганини кўрганимда, улар менга Нобель мукофотини беришга қарор қилишибди, деб ўйладим… Ниҳоят улар тушуниб етишибди. Лекин менга Нобель мукофотининг қизиғи йўқ. Мен учун ҳаётларни сақлаб қолиш муҳим», — деди.

Шу билан бирга, Норвегия, шунингдек, Германия, Буюк Британия, Франция ва Италия каби бир қатор Европа давлатлари «Тинчлик кенгаши»да иштирок этишдан расман бош тортган. «Биз БМТ ролига ва мавжуд халқаро ҳуқуққа шубҳа туғдирадиган тузилманинг бир қисми бўла олмаймиз. Биз учун бу мутлақо имконсиз бўларди», — деб тушунтирган эди аввалроқ Норвегия ташқи ишлар вазири ўринбосари Андреас Моцфельдт Кравик.

Ўз нутқида Трамп Эрон билан ядровий дастур бўйича музокараларни тилга олди. «Хабарингиз бор, яхши музокаралар олиб борилмоқда. Ўтган йиллар давомида Эрон билан аҳамиятли келишувга эришиш осон эмаслиги исботланди. Биз муҳим келишув тузишимиз керак, акс ҳолда ёмон воқеалар содир бўлади», — деб огоҳлантирди.

Трамп, шунингдек, 2025 йилги Бош Ассамблея йиғилишида рафиқаси билан кўтарилаётган эскалатор тўхтаб қолгани ва телесуфлёрдаги носозликларни эслатиб, БМТни яна танқид қилди. Шунга қарамай, Оқ уй раҳбари АҚШ ташкилотни қўллаб-қувватлаш ниятида эканини таъкидлади. «Менимча, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти улкан салоҳиятга эга. У кутилган натижаларни бермади… «Тинчлик кенгаши» БМТни амалда назорат қилади ва унинг тўғри ишлашини кузатиб боради… Уларга ёрдам керак. Биз уларга молиявий жиҳатдан ёрдам берамиз ва БМТ яшовчан эканига ишонч ҳосил қиламиз», — деди АҚШ президенти.