Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Авто 13/12/2025

Ўзбекистонда 2030 йилгача 6300 км йўлга хизмат кўрсатиш тадбиркорларга берилади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 9 декабрь куни автомобиль йўллари соҳасидаги ишлар тақдимоти билан танишди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Тадбирда қайд этилганидек, сўнгги уч йилда йўл соҳасига 40 трлн сўмга яқин маблағ йўналтирилган, 63 минг км йўл қурилиб, таъмирланган. Хориждан жалб қилинган маблағлар ҳажми уч баробар ошиб, 2025 йилда 1,2 млрд долларга етди.

Йиғилишда йўл қурилишининг типик андозалари ўрнига ҳар бир ҳудуднинг геологик ва экологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда лойиҳалаштириш амалиёти жорий этилгани айтилди. Замонавий қоплама турлари ишлаб чиқилган, бу маълумотларга кўра, йўлларнинг хизмат муддатини 1,5 баробар оширган.

Тақдимотда соҳадаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича таклифлар ва режалар тақдим этилди. Умумий фойдаланишдаги йўллар, ички йўллар ва кўприкларни таъмирлаш ва қуришда илғор тажриба ва дунёда ўзини оқлаган технологиялардан фойдаланиш етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Яқин йилларда 21 минг километр йўлни қуриш ва таъмирлаш, 14 минг километр тупроқ қопламали йўлни шағаллаш, 325 та кўприкни таъмирлаш режалаштирилган.

Йиғилишда 1800 км йўллар меъёрдан оғир юк машиналари ҳаракати туфайли эскиргани айтилди. Шу муносабат билан юк транспортларини ўлчаш воситалари билан жиҳозланган пунктлар тармоғини кенгайтириш режалаштирилган. Ҳозирда 9 та тарози ўрнатилган, яна 8 та шундай объект жиҳозланмоқда. Президент келажакда яна 35 та кўчма ва стационар назорат-ўлчов пунктларини ташкил этиш вазифасини қўйди.

Масъулларга вазн ва габарит назорати билан боғлиқ барча жараёнларни қамраб олувчи идоралараро электрон ахборот тизимини жорий этиш топширилди. Бундан ташқари, об-ҳаво шароитидан келиб чиққан ҳолда катта ҳажмли транспорт воситалари ҳаракатини мавсумий чеклаш тартиби ишлаб чиқилади.

Ҳозирда «Ташаббусли бюджет» доирасидаги янги йўлларнинг 61 фоизи ва ички йўлларнинг 92 фоизи хусусий сектор томонидан қурилмоқда. «Узоқ вақт давлат монополиясида бўлган йўлларни сақлаш жараёнига ҳам тадбиркорлар босқичма-босқич жалб қилинмоқда», — дейилади хабарда.

Ушбу амалиётни кенгайтириш ва келгуси йилда 3000 км, 2030 йилга келиб эса 6300 километр йўлга хизмат кўрсатиш учун тадбиркорларни жалб қилиш режалаштирилган. Бундан ташқари, Осиё тараққиёт банки иштирокида 86 та туманда қуриладиган йўллар тўлиқ маҳаллий пудратчиларга топширилиши кераклиги қайд этилди.

Президент соҳани рақамлаштириш даражаси пастлигини — мавжуд 59 та хизматдан атиги 20 таси рақамлаштирилганини кўрсатиб ўтди. Келгуси йилда яна 28 та хизматни онлайнга ўтказиш, интеллектуал транспорт тизимини жорий этиш ва 7 та янги электрон платформани ишлаб чиқиш белгиланган.

Тақдимот якунида Президент қўйилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон автомобиль йўлларини 2035 йилгача ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди.