Сурхондарёлик фуқаро тақиқланган материалга олти йил аввал қўйган «лайк» учун 3 йилга қамалди

Сурхондарё вилоятида бир фуқаро 6 йил аввал тақиқланган материалга «лайк» босгани учун уч йилга озодликдан масҳрум этилди. Бу ҳақда вилоят судларининг расмий Telegram-канали хабар берди.

Аниқланишича, судланувчи У. А. 2019 йилда Odnoklassniki.ru ижтимоий тармоғида экстремистик ғоялар мавжуд деб топилган Абдуғани Умаровнинг (Абдуллоҳ домла) «Жаннатга ошиқлар» номли маърузасига «класс» босган ва шу орқали уни виртуал дўстлари орасида тарқатган.

Шундай қилиб, судлар матбуот хизмати қайд этишича, фуқаро Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми «г» бандида (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни оммавий ахборот воситалари ёки телекоммуникация тармоқлари, шу жумладан интернет орқали тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) назарда тутилган жиноятни содир этган.

Қумқўрғон туман судининг жиноят ишлари бўйича 1 июлдаги ҳукми билан У. А. ушбу модда бўйича айбдор деб топилиб, Жиноят кодексининг 57-моддаси (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўлланилган ҳолда, умумий режимдаги колонияда жазони ўташ билан уч йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Аввалроқ экстремизм ва терроризм ғоялари мавжуд бўлган материалларнинг янгиланган рўйхати эълон қилинган эди. Унга киритилган материалларни Ўзбекистонга олиб кириш, тайёрлаш, тарқатиш ва намойиш этиш тақиқланади.

2018 йил 30 июлдаги «Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуннинг 11-моддасига кўра, Ўзбекистон ҳудудида экстремистик материаллар, экстремистик ташкилотларнинг атрибутикаси ва рамзларини олиб кириш, тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ва намойиш этиш, шунингдек, уларни ОАВ ёки телекоммуникация тармоқлари, шу жумладан интернет орқали тарқатиш ва намойиш этиш тақиқланади.