
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган йилидан бошлаб 50 йил ва ундан ортиқ вақт ўтган транспорт воситаларидан фойдаланиш ва уларни қайта рўйхатдан ўтказиш тақиқланди. Ҳукуматнинг 2026 йил 20 январдаги йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасини рақамлаштириш тўғрисидаги қарорига кўра, ушбу тақиқ 2026 йил 1 февралдан кучга киради.
Ёши 50 йилдан ошган транспорт воситалари давлат рўйхатидан чиқарилиши ёки «антиквар» автомототранспорт тоифасини (улар учун ANT серияли давлат рақамлари жорий этилади) олиши керак.
Аввалроқ, 2025 йил ҳолатига кўра, мамлакатда ярим асрдан кўпроқ вақт олдин ишлаб чиқарилган 87,6 мингта автомобиль рўйхатга олингани хабар қилинган эди. ИИВ бундай транспорт воситалари хавфсизлик талаблари ва экологик стандартларга жавоб бермаслигини, шунингдек, 30 фоиз кўпроқ зарарли чиқиндилар чиқаришини таъкидлаган.
Бундан ташқари, вазирлик маълумотларига кўра, эски автомобилларда давлат рақамларидан ноқонуний фойдаланиш бўйича 139 та ҳолат аниқланган. Шунингдек, 2024–2025 йилларда 50 йилдан ошган автомобиллар иштирокида 67 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлиб, улар оқибатида 23 киши ҳалок бўлгани қайд этилган.
Бундан кейин ҳам фойдаланиш зарурати туғилганда, бундай транспорт воситалари (автомобиллар ва мотоцикллар) алоҳида рўйхатдан ўтказиш рақами ва алоҳида рўйхатга олиш ҳамда фойдаланиш тартиби белгиланган ҳолда «антиквар» тоифасига ўтказилади.
Келгуси ойдан бошлаб қуйидагилар учун ҳам алоҳида сериядаги давлат рақам белгилари жорий этилади:
- умумий вазни (юки билан) 44 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобиллари (YUK);
- рудник, шахта ва карьерларда фойдаланиладиган махсус транспортлар (KON);
- юридик шахсларга тегишли бўлган йўналишсиз таксилар (TTT).
Соҳани рақамлаштириш
Қарор билан автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномада мулкдорнинг манзилини кўрсатиш талаби бекор қилинди.
Рўйхатдан ўтказишда бир қатор ҳужжатлар идоралараро электрон ҳамкорлик орқали автоматик тарзда олинади. Булар — олди-сотди шартномаси, аукцион баённомалари, давлат улуши бўлган корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган автомототранспорт воситалари учун электрон ҳисоб-маълумотномалар, шунингдек, транспорт воситаси эгаси ҳақидаги маълумотлар.
Эслатиб ўтамиз, 2030 йилгача Ўзбекистонда Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларида «Евро-5» ва ундан юқори стандартларга жавоб бермайдиган автомобиллардан фойдаланишни босқичма-босқич чеклаш режалаштирилган.