Ўзбекистонда 50 йилдан ошган автомобиллардан фойдаланишни тақиқлаш таклиф қилинмоқда

Ўзбекистонда 2026 йил 1 январдан бошлаб 50 ва ундан ортиқ йил олдин ишлаб чиқарилган автомобиллардан фойдаланиш ва уларни такрорий рўйхатдан ўтказиш тақиқланиши мумкин. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) томонидан муҳокамага қўйилган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида айтилган.

Бундай машиналар, «антиквариат» деб тан олинганларидан ташқари, давлат ҳисобидан чиқарилиши лозим бўлади.

Лойиҳада кўрсатилишича, 2025 йилга келиб республикада 5,2 миллиондан ортиқ транспорт воситаси рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 87,6 мингтаси ярим асрдан кўпроқ вақт олдин ишлаб чиқарилган автомобиллар.

ИИВ маълумотларига кўра, бундай транспорт воситалари хавфсизлик талаблари ва экологик стандартларга (Евро-4, Евро-5) жавоб бермайди, зарарли чиқиндиларни 30% кўпроқ ажратиб чиқаради ва кўпинча қоидабузарликлар билан фойдаланилади – фақат сўнгги пайтларда давлат рақамларидан ноқонуний фойдаланишнинг 139 та ҳолати аниқланган.

2024–2025 йилларда Ўзбекистонда 50 йилдан ошган автомобиллар иштирокида 67 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган, натижада 23 киши ҳалок бўлган.

Йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мақсадида автопаркни хатловдан ўтказиш ва фойдаланиш муддати 50 йилдан ошган машиналарни босқичма-босқич рўйхатдан чиқариш механизмини жорий этиш таклиф қилинмоқда.

Улардан кейинчалик фойдаланиш зарурати туғилса, бундай транспорт воситалари алоҳида рўйхатдан ўтказиш рақами ва махсус рўйхатдан ўтказиш ва эксплуатация қилиш тартиби берилган ҳолда «антиквариат» тоифасига ўтказилади.

Лойиҳа, шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2025 йил 9 июлда ўтказилган видеоселектор йиғилиши баённомасида қайд этилган қарорга асосланган бўлиб, унда йўл инфратузилмасини яхшилаш, тирбандликларни камайтириш ва хавфсизликни ошириш чоралари муҳокама қилинган эди.

Ҳужжатда бошқа мамлакатлар тажрибаси ҳам келтирилган. Жумладан, БААда 2009 йилдан бошлаб 20 йилдан ошган автомобилларни рўйхатдан ўтказиш тақиқланган, Қозоғистонда автобусларнинг фойдаланиш муддати 12 йил, Россияда эса 10 йил билан чекланган.

Лойиҳанинг жамоатчилик муҳокамаси 2025 йил 11 октябргача давом этади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2030 йилгача Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларида «Евро-5» ва ундан юқори стандартларга жавоб бермайдиган автомобиллардан фойдаланишни босқичма-босқич чеклаш режалаштирилган.