
Ўзбекистонда йўл инфратузилмасини модернизация қилиш — халқаро даражадаги тезюрар магистраллар қуришдан тортиб, маҳаллалардаги ички кўчаларни таъмирлашгача бўлган ишлар режалаштирилмоқда. Бу президентнинг 16 февралдаги фармони билан тасдиқланган 2026 йилги давлат дастурида кўзда тутилган.
4000 км йўл — «автобан» даражасигача
Ҳукумат 4000 км магистрал йўлларни халқаро стандартларга (автобанларга) ўтказиш вазифасини қўйди. Гап Андижонни Қўнғирот билан, Тошкентни Термиз билан, Самарқандни Шаҳрисабз билан, шунингдек, Олотни Сариосиё билан боғлайдиган йўналишларни модернизация қилиш ҳақида бормоқда.
Автобан (нем. Autobahn — «автомобиль трассаси») — бу асосан немис тилида сўзлашувчи мамлакатларда (Германия, Австрия) қўлланиладиган тезюрар автомагистраль бўлиб, у юқори сифатли қоплама, ҳар бир йўналишда камида иккита тасма мавжудлиги, ажратувчи тўсиқ ва бошқа йўллар билан бир сатҳда кесишмаслиги билан ажралиб туради.
Бу мамлакатнинг транзит салоҳиятини ошириш ва йўллар сифатини яхшилаш имконини бериши кутилмоқда.
Янги Тошкент — Самарқанд пуллик йўли қурилишини бошлаш режалаштирилган. Хорижий ҳамкорни 15 мартгача жалб қилиш ва сентябргача келишувни имзолаш кўзда тутилмоқда. Қурилиш ишлари 2026 йил 1 декабрдан бошланиши керак.
Тошкент — Андижон йўналиши бўйича 1 июлдан бошлаб пуллик трасса қуриш учун тендернинг иккинчи босқичи ўтказилади. Бундан ташқари, Қарши — Шаҳрисабз — Китоб ва Пунган — Наманган йўналишларидаги йўлларни, шунингдек, яна 1200 км трассаларни реконструкция қилиш бошланади.
Ҳужжатда халқаро молия институтлари маблағларини жалб қилган ҳолда А-373 Гулистон — Бўка — Ангрен — Қўқон — Андижон (0-37 км) автомобиль йўлини реконструкция қилиш кўзда тутилган.
Маҳаллий ва ички йўллар цементобетон қопламасидан фойдаланган ҳолда қурилади. Бу йўл қопламасининг чидамлилигини ошириш ва таъмирлаш харажатларини камайтириш имконини бериши тахмин қилинмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида 220 км халқаро ва давлат аҳамиятидаги ҳамда 80 км маҳаллий аҳамиятдаги йўлларни реконструкция қилиш режалаштирилган. Янгиланган йўллар 13 тоннагача бўлган ўқ юкламасига бардош бериши кутилмоқда.
Умуман олганда, ҳудудий дастурлар доирасида 190 километрдан ортиқ умумий фойдаланишдаги йўллар таъмирланади. Шунингдек, 30 дан ортиқ кўприкни реконструкция қилиш ва таъмирлаш кўзда тутилган.
Маҳаллаларнинг ички кўчалари ва юк машиналари учун чекловлар
Дастурнинг алоҳида блоки маҳалла ичидаги йўлларга тааллуқли. «Маҳалла бюджети» жамғармаси ва бошқа манбалар маблағлари ички кўчаларга шағал ётқизиш ва уларни таъмирлашга йўналтирилади. Хусусан, 329 та маҳаллада шағал ётқизиш ишларини бажариш режалаштирилган.
Бундан ташқари, асфальтнинг емирилишига олиб келадиган ва хавфсизликка таҳдид соладиган ички кўчаларда оғир юк машиналари ҳаракатини тақиқлаш имкониятини кўриб чиқиш учун йўлларнинг ҳолати ва аҳоли зичлиги ўрганилади.