
Ўзбекистон вилоятларидаги электр тармоқларини бошқаришни хусусий операторларга бериш давом эттирилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 5 декабрь куни Тошкентда янги энергетика қувватларини ишга тушириш маросимида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, электр энергиясини ишлаб чиқариш соҳасидаги ислоҳотлар натижасида мамлакат давлат-хусусий шериклик асосида тармоққа тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишда катта тажриба тўплади.
«Шу йилдан бошлаб биз хусусий шериклик тамойилларини нафақат электр энергияси ишлаб чиқаришда, балки уни истеъмолчиларга етказиб беришда ҳам қўллашни бошладик», — дея таъкидлади.
Давлат раҳбари Самарқанд ҳудудий электр тармоқларини хусусий бошқарувга ўтказиш бўйича Туркиянинг Aksa Elektrik компанияси билан келишувга эришилганини эслатди.
Лойиҳа доирасида компания тармоқни оператив бошқарувга олади, инвестиция киритади, инфратузилмани модернизация қилади ва техник йўқотишларни босқичма-босқич икки баравар қисқартиради. Бу ҳар йили ўртача 20 млн доллар тежаш имконини беради, деди.
Шавкат Мирзиёев худди шундай механизм бошқа вилоятларда ҳам таклиф этилишини таъкидлади. 2026 йилда инвесторларга Жиззах ва Сирдарё вилоятларининг, 2027 йилда эса Наманган ва Тошкент вилоятларининг электр тармоқларини бошқариш таклиф этилади.
Эслатиб ўтамиз, Туркиянинг Aksa Enerji компанияси Самарқанд вилояти тақсимловчи электр тармоқларини бошқариш ва модернизация қилиш бўйича халқаро тендерда ғолиб бўлган эди. Компания 30 йиллик бошқарув даврида 1 млрд доллар сармоя киритишни режалаштирмоқда. Лойиҳага яна 9 та талабгор қизиқиш билдирган эди.
ДХШ дастурига кўра, 2027 йил 1 июлгача барча ҳудудлардаги тақсимловчи электр тармоқларини хусусий операторларга топшириш бўйича шартномалар имзоланиши кўзда тутилган.
Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги директори Шерзод Ходжаев 2024 йилнинг июль ойида ҳар бир ҳудуддаги тақсимловчи тармоқлар муайян муддатга инвесторга концессия асосида берилишини хабар қилган эди.
«Инвестор тармоқларни эксплуатация қилади, таъмирлайди, янги тармоқлар қуради. Бунинг эвазига у ўз тармоғи орқали ўтадиган ҳар бир кВт⋅с электр энергиясидан муайян сумма олади. Якуний истеъмолчи нимани ҳис қилади? Биринчидан, сиз ҳозиргидек, мобил илова орқали худди шу миқдордаги суммани тўлашни давом эттирасиз. Шунчаки бу сумманинг бир қисми электр тармоқларини эксплуатация қилаётган инвесторга ўтади», — дея тушунтирганди.

