Биринчи Орол маданий саммити Самарқанд ва Нукусда ўтади

Биринчи Орол маданий саммити 2025 йил 4−6 апрель кунлари Самарқанд ва Нукус шаҳарларида бўлиб ўтади, деб белгиланган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қарорида. Тадбир очилиши 4−5 апрелга мўлжалланган «Глобал иқлим муаммолари ва Марказий Осиё — умумий равнақ йўлида консолидация» Самарқанд иқлим форумининг бошланиши билан мос келади.

Ўзбекистон Орол маданий саммити лойиҳасини амалга ошириш ташаббусини 2023 йил 22−24 март кунлари АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида ўтказилган БМТнинг сув ресурсларига бағишланган конференциясида илгари сурган эди. Қарорга кўра, саммит ҳар 18 ойда — баҳор ёки куз фаслида ўтказилади.

Қарорга мувофиқ, саммитнинг асосий мақсад ва йўналишлари қуйидагилардан иборат:

  • Оролбўйи минтақаси ва дунёнинг бошқа ҳудудларида юзага келган экологик муаммоларни муҳокама қилиш, оқилона ечимларни тақдим этиш учун глобал платформа яратиш;
  • Оролбўйи муаммоларини ҳал этишда фанлараро ёндашувларни ривожлантириш;
  • Барқарор ечимлар ва стратегияларни ишлаб чиқишга қаратилган таълим дастури асосида Орол мактабини ташкил этиш;
  • Оролбўйи минтақасида сув ва тупроқ тадқиқотларини етакчи маҳаллий ва хорижий мутахассислар ҳамда ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказиш;
  • Оролбўйи минтақаси тупроқ ва иқлим шароитига мос қишлоқ хўжалиги экинларини ўрганишга ихтисослашган лаборатория платформасини яратиш, уни бу соҳада амалга ошириладиган илмий тадқиқотлар учун ўқув-амалий майдонга айлантириш;
  • Оролбўйи минтақасида асрлар давомида шаклланган ноёб маданият ва анъаналарни асраш, ҳимоя қилиш ва оммалаштириш;
  • Халқаро миқёсда доимий мулоқотлар, амалиётлар, семинарлар, тадқиқот дастурларини ташкил этиш;
  • Нукус шаҳридаги «Истиқлол» маданият ва дам олиш боғини ҳамда унинг ҳудудида жойлашган болалар кутубхонасини замонавий технологиялар ва анъанавий меъморчилик асосида қайта тиклаш ва самарали фойдаланишни йўлга қўйиш.

Орол маданий саммитини тайёрлаш ва ўтказиш бўйича ташкилот қўмитасига бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлик қилади. Қўмитанинг ишчи органи этиб Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси белгиланган.