Ўзбекистон Американинг John Deere компаниясидан 300 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги техникасини сотиб олади

Ўзбекистон ҳукумати Американинг John Deere корпорацияси билан 300 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб бериш бўйича келишув имзолади, дея хабар берди АҚШ Савдо вазирлиги.

Шартнома Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва АҚШ савдо вазири Ҳовард Латник иштирокидаги давра суҳбати якунлари бўйича икки томонлама келишувларни имзолаш маросими доирасида имзоланди.

АҚШ Савдо вазирлиги маълумотларига кўра, шартноманинг ярми — 150 миллион доллар — Айова штати Анкени шаҳридаги John Deere Des Moines Works заводида ишлаб чиқариладиган пахта териш техникасини сотиб олишга йўналтирилади.

Ушбу келишув Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонни ўз ичига олган «С5+1» формати доирасида имзоланган АҚШнинг Марказий Осиё давлатлари билан инвестиция ва савдо лойиҳалари қаторига кирди.

Бундан ташқари, Boeing ва Uzbekistan Airways авиакомпанияси 8 та қўшимча Boeing 787 Dreamliner самолётини етказиб бериш бўйича якуний шартнома имзоладилар, бу билан умумий буюртма 22 та кенг фюзеляжли лайнерга етди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва АҚШ ноёб ер металларини қазиб олиш, насос станцияларини модернизация қилиш, томчилатиб суғориш тизимларини жорий этиш, ловия ва пахта етказиб бериш бўйича ҳам келишувларни имзолаган эдилар. Президент Дональд Трамп мамлакатлар ўртасида 10 йил муддатга 100 миллиард долларлик «ақл бовар қилмас савдо-иқтисодий битим» тузилганини маълум қилди.