
Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси эксклюзив ҳуқуқларга эга бўлган 29 та компанияни товар ёки молия бозорида доминант мавқега эга деб тан олди, дея хабар бермоқда идора матбуот хизмати.
«Рақобат тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, компания ёки шахслар гуруҳига муайян товарларни ишлаб чиқариш, сотиш ёки сотиб олиш бўйича эксклюзив ёки истисно ҳуқуқи берилган бўлса, улар устун мавқега эга деб тан олинади.
Рўйхатда шундай истисно ҳуқуқларга эга бўлган компаниялар келтирилган. Улар орасида:
- To’palang HPD Holding компанияси — «Ўзбекгидроэнерго» объектларини қуриш ва модернизация қилиш бўйича эксклюзив ҳуқуққа эга, бош пудратчи сифатида фаолият юритади. ЯИДХД маълумотларига кўра, To’palang HPD Holding асосчиси (30%) Ислом Абдуғаниевич Абдураҳманов — «Ўзбекгидроэнерго» раҳбари Абдуғани Сангиновнинг ўғли. Қолган 70% Smart Fast Stroy компаниясига тегишли бўлиб, унинг асосчиси Александр Захаряндир (шунингдек, Asia Alliance Group, Finance Invest Brok компанияларига ҳам эгалик қилади);
- Uzinfocom компанияси — «Рақамли соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш» лойиҳаси доирасида рақамли соғлиқни сақлаш платформаси оператори. Ушбу платформани яратиш, уни жорий этиш, техник қўллаб-қувватлаш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш билан шуғулланади;
- Sharq нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси — хизмат гувоҳномалари бланкалари ва муқоваларини тайёрлаш;
- CRPT Turon хусусий компанияси, унга Digital Holding эгалик қилади (Алишер Усмоновга аффилланган компанияга, шунингдек, Давлат активларини бошқариш агентлигига тегишли). У «Asl Belgisi» маҳсулотларни маркировкалаш ва кузатиб бориш тизимининг эксклюзив оператори сифатида фаолият юритади, мажбурий маркировкаланадиган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилари ва импортчиларига маркировкалаш кодларини тақдим этади;
- Soliq-servis компанияси — tax free тизими оператори бўлиб, хорижий фуқароларга Ўзбекистон ҳудудида чакана савдо субъектларидан муайян турдаги товарларни сотиб олишда тўланган қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) суммасининг бир қисмини қайтариш бўйича хизматлар кўрсатади;
- Unicon soft IT-компанияси — «edo.ijro.uz» ва «Ijro.gov.uz» ягона идоралараро электрон ижро интизоми тизими оператори. У шунингдек, юридик хизмат кўрсатиш марказлари юридик хизматлар кўрсатадиган ташкилотларни «E-huquqshunos» электрон тизимига улаш, шунингдек, тизим маълумотларини сақлаш ва улардан хавфсиз фойдаланиш бўйича хизматлар кўрсатиш билан шуғулланади. Компаниянинг 75% Prosoft’га тегишли (унинг эгалари Шерзод Ҳабибуллаев, Хайрулла Умаров, Бахтиёр Усмонов), 25% — Давлат активларини бошқариш агентлигига;
- «Ўзагросуғурта» — судьяларнинг ҳаёти ва соғлиғини мажбурий давлат суғуртаси.
Тўлиқ реестр билан ҳавола орқали танишиш мумкин.

