27 июнь — Халқаро кўр-карлик куни илк бор нишонланмоқда

БМТ Бош Ассамблеяси 2025 йилдан бошлаб 27 июнни Халқаро кўр-карлик куни деб эълон қилди, дея хабар берди Huquqplus.uz порталининг Telegram-канали.

БМТ Бош Ассамблеясининг 3 июндаги резолюциясида БМТга аъзо давлатларнинг барча ҳукуматлари кўр-карликни алоҳида ногиронлик тури сифатида тан олиш имкониятини кўриб чиқишга чақирилади.

Ҳужжатда айтилишича, кўр-карлик алоҳида ногиронлик тури сифатида қаралмаслиги ёки тан олинмаслиги сабабли, у статистика, сиёсат ва дастурларда ҳисобга олинмайди ва шу сабабли хизматлардан фойдаланишда қийинчиликлар туғдиради.

«Бу глобал тан олиниш шуни англатадики, эшитиш ва кўриш бўйича бир вақтнинг ўзидаги ногиронлик алоҳида ногиронлик тури сифатида тан олинади — бундай инсонлар ўзига хос қийинчиликлар, тўсиқларга дуч келадилар ва жамиятга тўлиқ интеграциялашув учун махсус қўллаб-қувватлаш хизматларига муҳтожлар», — дейилади Бутунжаҳон Кар-кўрлар Федерацияси баёнотида.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда ҳар 100 минг кишига эшитиш ва кўриш бўйича бир вақтнинг ўзида ногиронлиги бўлган 5 тадан 8 тагача одам тўғри келади. Ушбу маълумотларга асосланиб, Ўзбекистонда бундай инсонлар сони 2500 нафардан ортиқ бўлиши мумкин, дея таъкидлаган эди.

27 июнь куни 1880 йилда кўр-карликдан азият чеккан ва ногиронлар ҳуқуқлари учун курашган америкалик ёзувчи ва фаол Хелен Келлер туғилган.

Кўр-карларнинг ҳаракатланиш ва идентификация қилиш воситаси қизил-оқ чизиқли ҳасса.