
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 20 ноябрь куни уй-жой ва ипотека бозорини барқарор ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонни имзолади, унда уй-жой соҳасини трансформация қилиш назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, 2040 йилгача қуйидагилар режалаштирилмоқда:
- ҳар йили қурилаётган уй-жойлар сонини икки баравар ошириш — 421 минг объектгача етказиш;
- ипотека портфелини 10 баробардан кўпроққа — 56,7 млрд долларгача ошириш;
- уй-жой фондида замонавий уй-жойлар улушини 50% га етказиш;
- «Янги Ўзбекистон» массивлари қурилишини кенгайтириш ва аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш.
Фармонда банк молиялаштируви ва институционал инвесторлар маблағларини уй-жой секторига, жумладан, ипотека кредитидан фойдаланиш орқали жалб қилиш, шунингдек, урбанизацияни қўллаб-қувватлаш ва улушли қурилиш иштирокчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш назарда тутилган.
Шунингдек, уй-жой қурилиши соҳасини «Уй-жойнинг ягона ҳаётий цикли» тамойили асосида ислоҳ қилиш ва уни амалга оширишдаги тўсиқларни бартараф этиш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, қуйидагиларни назарда тутувчи комплекс қурилишнинг янги модели жорий этилмоқда:
- биринчи навбатда тугалланмаган уй-жойлар ва саноат зоналари мавжуд ҳудудларда қурилиш;
- муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани дастлабки яратиш;
- экологик тоза материаллар ва энергия тежовчи технологиялардан фойдаланиш.
Комплекс қурилиш тамойили қуйидагиларни назарда тутади:
- комплекс қурилиш дастурларини фақат очиқ ва аниқ ишлаб чиқилган режалар асосида тайёрлаш;
- комплекс қурилиш учун ажратилган ер участкалари хусусийлаштириш дастурларига киритилиши, бошқа лойиҳалар учун фойдаланилиши ёки мақсадли фойдаланиш йўналишини ўзгартириши мумкин эмас;
- ҳар бир лойиҳа бўйича жалб қилинган ер участкалари, кўчмас мулк объектлари ва уларнинг ҳуқуқ эгалари тўғрисида тўлиқ очиқ маълумот таъминланади;
- лойиҳаларни амалга ошириш минтақанинг келажакдаги ижтимоий эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда комплекс ёндашув асосида олиб борилади;
- кўчмас мулк объекти эгасига ўз объекти жойлашган ер участкасига эгалик қилиш (ижара ёки мулк) учун мутлақ ҳуқуқ кафолатланади.
Қурилиш соҳасидаги барча янги норматив ҳужжатлар 2040 йилгача уй-жой ва ипотека бозорини ривожлантиришнинг тасдиқланган асосий йўналишлари асосида ишлаб чиқилади.

