
Ўзбекистонда 2030 йилгача стартаплар сонини 5000 тага етказиш ва бу орқали камида 20 мингта янги иш ўрни яратиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 2026 йил 20 январь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йиғилишда сўз борди.
Тадбирда қайд этилишича, 2024–2025 йилларда Ўзбекистон стартап ва венчур экотизимининг умумий қиймати 3,9 млрд долларга етган. Маҳаллий стартаплар сони 750 тадан ошди. Уларни 15 та венчур жамғармаси қўллаб-қувватламоқда, венчур капитали ҳажми эса 180 млн доллардан ошди. 2030 йилгача венчур инвестициялари ҳажмини 2 млрд долларга етказиш режалаштирилган.
Стартапларни қўллаб-қувватлашнинг тўрт босқичли тизими жорий этилмоқда. Ғоя, ишланма, ишга тушириш ва кенгайтириш босқичларида грантлар, солиқ имтиёзлари, биргаликда молиялаштириш механизмларини тақдим этиш, шунингдек, экспорт харажатларини қоплаб бериш кўзда тутилган.
«Олдимизга қиймати 1 млн доллардан ортиқ бўлган камида 500 та стартап лойиҳа, 10 млн доллардан юқори камида 100 та стартап ва 100 млн доллардан ортиқ камида 25 та стартап даражасига чиқиш вазифасини қўйганмиз. Президент нафақат қарор қабул қилиш билан чекланиб қолмай, балки ушбу ташаббусларни кенг тарғиб қилиш ва оммалаштиришни таъминлаш вазифасини қўйди», — деди рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов «O‘zbekiston 24» телеканалига берган интервьюсида.
Сунъий Интеллект (СИ)ф тўғрисидаги қонун
Шерзод Шерматов давлат раҳбари сунъий интеллектдан фойдаланиш билан боғлиқ бўлиши мумкин бўлган суиистеъмолликларнинг олдини олишга қаратилган сунъий интеллект соҳасидаги қонунни имзолаганини таъкидлади.
«Бунгача сунъий интеллект нима, у қандай ишлайди ва қайси соҳаларда қўлланилиши мумкинлиги ҳақида аниқ базавий тушунчалар ҳамда тегишли ҳуқуқий асос мавжуд эмас эди», — деб қайд этди рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов.
СИдан фойдаланишни кенгайтириш ва рақамлаштириш
Шерзод Шерматов, шунингдек, 15 та олий таълим муассасасида сунъий интеллект бўйича лабораториялар ташкил этиш режалари ҳақида тўхталди. Бунинг шарофати билан битирувчилар СИ соҳасида етакчилик сертификатларини олишлари ва бундан ташқари, ўз касбий соҳалари доирасида камида битта чет тилини билишлари мумкин бўлади.
MyGov.uz порталида камида 100 та янги хизмат турини қўшиш режалаштирилган.
Президент 50 дан ортиқ хизматларда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, Аҳолининг ягона реестрини ишлаб чиқиш, шунингдек, бизнес очиш, якка тартибдаги тадбиркорлар ходимларининг ҳисобини юритиш, банк пластик карталарини расмийлаштириш, SIM-карталар олиш, суғурта ва реклама хизматларини тўлиқ рақамлаштириш вазифасини топширди.
Давлат раҳбари, шунингдек, ҳудудларда 5G технологияси, юқори тезликдаги интернет ҳамда сунъий йўлдош алоқасидан фойдаланишни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.