Ўзбекистонда олтин ишлаб чиқаришни 2030 йилгача 175 тоннага етказиш режалаштирилмоқда

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 26 декабрь куни парламент ва халққа йўллаган Мурожаатномасида янги технологик босқичга ўтиш ва қўшилган қиймат занжирини кенгайтиришга қаратилган саноатни ривожлантириш бўйича кенг кўламли дастур ишга туширилишини эълон қилди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, яқин беш йил ичида ҳукумат мамлакатнинг саноат салоҳиятини сезиларли даражада оширишни мақсад қилган.

«Ўзбекистон четдан гайка ва винт сотиб олган замонлар тугади. Маҳаллий саноат ва кооперацияни ривожлантириш бўйича алоҳида тизим қуриш мақсадга мувофиқ. Иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, инвестициялар самарадорлигини ўстириш, саноат тармоқларининг технологик трансформацияси принципиал жиҳатдан янги ёндашувларни талаб қилади», — деди президент.

Давлат раҳбари янги технологик босқичга ўтиш ва қўшилган қиймат занжирини кенгайтириш бўйича саноатни ривожлантириш дастури ишга туширилишини таъкидлади. Натижада яқин беш йилда саноатдаги қўшилган қиймат ҳажмини ҳозирги 36,5 млрд доллардан камида 60 млрд долларга етказиш режалаштирилмоқда.

Юқори ва ўрта технологик тармоқларда маҳсулот ҳажми 2,5 бараварга ортиши кутилмоқда.

Ушбу вазифаларга тайёргарлик кўриш учун, Шавкат Мирзиёев қайд этганидек, 2026 йилда умумий қиймати 52 млрд долларлик 782 та янги саноат ва инфратузилма лойиҳаларига старт берилади. «Биргина келаси йилнинг ўзида қиймати 14 млрд доллар бўлган 228 та янги йирик қувватлар ишга туширилади», — деб таъкидлади.

Президент тоғ-кон металлургия мажмуасини ривожлантиришни асосий лойиҳалар қаторида санаб ўтди. Жумладан, Навоий вилоятида қиймати 320 млн долларлик олтин маъдани хомашёсини қазиб олиш лойиҳаси бошланади ва бу йилига қўшимча 2 млн тонна рудани қайта ишлаш имконини беради.

Шунингдек, «Мурунтов» конини ўзлаштиришнинг навбатдаги босқичи ва кумуш конларида 2,3 млрд долларлик йирик лойиҳалар амалга оширилади. «Натижада йилига 18 миллион тонна рудани қайта ишлаш қувватлари яратилади ва 2030 йилгача олтин ишлаб чиқариш ҳажми 175 тоннага етказилади», — деди давлат раҳбари. 2024 йилда олтин ишлаб чиқариш ҳажми 96,4 тоннани ташкил этган бўлиб, бу 2023 йилдаги (91,4 тонна) кўрсаткичга нисбатан 5,4 фоизга кўп.

«Меҳнат натижасида мана шу кунларга етиб келдик, бу ғалаба. Бундай марраларга эришиш — катта натижа. Тушунган тушунади, тушунмаганларга эса айтаман: бу бахтли одам. Майли, шундай бўла қолсин, бу бахтли одамлар барибир вақти келиб тушуниб етади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Яна бир йирик лойиҳа Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинатида қиймати 2,7 млрд доллар ва йиллик қуввати 300 минг тонна мис катоди бўлган янги металлургия мажмуаси қурилиши бўлади.

Кимё саноатида бир қатор ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш режалаштирилган. Самарқанд кимё заводида 381 млн долларлик инвестиция ҳисобига йилига 370 минг тонна фосфорли ва 540 минг тонна мураккаб ўғитлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бундан ташқари, Қашқадарё вилоятида қиймати 200 млн долларлик янги кимё заводи қурилиши бошланади.

Умуман олганда, Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, 2026 йилда қуйидаги янги лойиҳалар бошланади:

  • кимё саноатида — 4,5 млрд долларлик;
  • тоғ-кон металлургия, нефть-газ, автомобилсозлик, тўқимачилик ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида — ҳар бирида 3 млрд доллардан;
  • электротехника тармоғида — 2 млрд долларлик;
  • фармацевтикада — 800 млн долларлик.

Бу, президент таъкидлаганидек, 2026 йилда экспорт ҳажмини 40 млрд долларга етказиш имконини беради, бунда тайёр маҳсулот ва ярим тайёр маҳсулотлар улуши 55 фоиздан ошади.

Давлат раҳбари 2026 йил учун макроиқтисодий кўрсаткичларни ҳам белгилаб берди: иқтисодий ўсиш 6,6 фоиз даражасида таъминланади ва ЯИМ 167 млрд долларгача ўсиши прогноз қилинмоқда.

Мурожаатномада саноат самарадорлигини оширишга алоҳида урғу берилди. «Шу боис, саноатда маҳсулдорлик ва самарадорликни икки баравар ошириш дастурини амалга оширишни бошлаймиз», — деди президент.

Бунинг учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги халқаро молия институтларининг 200 млн долларлик кредит ва грантларини жалб қилган ҳолда маҳсулдорлик ва энергия самарадорлигини ошириш бўйича алоҳида лойиҳани ишга туширади. Дастур доирасида хорижий технолог ва муҳандисларни жалб қилиш, бизнес-жараёнларни рақамлаштириш, энергия аудитини ўтказиш ва илғор технологияларни жорий этиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, мамлакатда Тўртинчи саноат инқилоби маркази ташкил этилади.

«Марказ негизида саноат корхоналарида робототехника, буюмлар интернети, „ақлли фабрика“ каби „Индустрия 4.0“ ечимларини жорий этиш учун „регуляторлик механизми“ яратилади», — деди Шавкат Мирзиёев ва корхоналар янги технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этишдан олдин синовдан ўтказишлари мумкинлигини қўшимча қилди.

2025 йил 11 ой давомида Ўзбекистон рекорд даражадаги 9,9 млрд долларлик олтин экспорт қилди, бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 1,5 баравар кўпдир. Олтин ҳиссасига мамлакат жами экспортининг 32,1 фоизи тўғри келмоқда.