«2026 йил давлат бошқаруви тизими, иқтисодиёт ва экология ривожида туб бурилиш йили бўлади» — Президент

Кириб келаётган 2026 йил давлат бошқаруви тизими, суд-ҳуқуқ тизими, иқтисодиёт тармоқлари, таълим, илм-фан, тиббиёт, маданият, спорт, экология тизими — истисносиз барча соҳалар ривожида туб бурилиш йили бўлади, деди Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида.

У маҳалла инфратузилмасини такомиллаштиришни сиёсатнинг биринчи устувор йўналиши деб эълон қилди.

«Мамлакат ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади. Одамлар бизнинг ислоҳотларимизга, энг аввало, маҳалладаги йўллар ҳолати, сув ва электр таъминоти, транспорт қатнови, боғча, мактаб ва оилавий поликлиникадаги шароитларга қараб баҳо беради», — деди Президент.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, келаси йилдан маҳаллани ривожлантиришга комплекс ёндашув жорий этилади.

Ҳар бир вилоятда 2−3 тадан туман танлаб олиниб, уларда ҳар бир маҳалладаги барча муаммоларни бир вақтнинг ўзида ҳал қилиш имконини берувчи тизим яратилади. Шу билан бирга, уларда тадбиркорлик инфратузилмаси ҳам ривожлантирилади. Ушбу мақсадларга барча манбалардан 8,5 триллион сўм йўналтирилади.

Депутатларга ўз округларидаги муаммоларни ҳал этиш учун 500 миллиард сўм ажратилади. Шу билан бирга, депутатларнинг яшил ҳудуд ва истироҳат боғлари яратиш бўйича ҳар бир ташаббусига қўшимча равишда 330 миллион сўмдан маблағ ажратиш кўзда тутилган, деб таъкидлади давлат раҳбари.

2026 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи бўйича тушумларнинг 5 фоизи Тошкент шаҳрида, 20 фоизи эса қолган ҳудудларда маҳаллий бюджетларда қолдирилади, бу маблағларнинг ярми туман бюджетларига йўналтирилади.

Бундан ташқари, даромадларнинг прогнозга нисбатан ошириб бажарилган қисмининг 50 фоизи, шунингдек, экин ерларини ижарага бериш ва бозорлардан тушадиган тушумлар тўлиқ туман бюджетларига ўтказилади.

Вилоят ва туман ҳокимларига самарасиз ва бир-бирини такрорловчи штат бирликларини қисқартириш ҳамда тежалган маблағларни аҳоли томонидан кўтарилган масалаларни ҳал этишга йўналтиришга рухсат берилади.

Бунинг ҳисобига туманлар бюджетларида 5 триллион сўм миқдорида қўшимча ресурс шаклланади ва у маҳаллалар инфратузилмасини яхшилашга сарфланади.

Келаси йили илк бор маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш учун 20 триллион сўм бевосита вилоятлар ихтиёрига берилади.

«Ушбу маблағларнинг ҳар бир сўми аҳоли учун қўшимча қиймат яратиши керак. Шу боис бу пуллар умуман қайсидир туманга эмас, балки маҳаллалардаги иш ўринлари яратадиган ва аҳоли даромадини таъминлайдиган аниқ лойиҳаларга йўналтирилади. Бу бюджет маблағларидан самарали фойдаланишда лойиҳавий ёндашув бўлади», — деди давлат раҳбари.

Президент, шунингдек, урбанизация ва шаҳарларни барқарор ривожлантириш бўйича янги ислоҳотларни эълон қилди.

Хусусан, шаҳарларнинг тартибсиз кенгайишининг олдини олиш бўйича аниқ мезонлар белгиланади ва шу тариқа экин майдонларининг асоссиз қисқартирилишига чек қўйилади, деди Шавкат Мирзиёев. Мамлакатда илк бор 45 та агломерация ҳудуди белгилаб олинади.

Келаси йили «Барқарор шаҳар» платформаси ишга туширилиб, «яшаш учун қулайлик индекси»ни юритиш йўлга қўйилади. Ушбу индекс ёрдамида шаҳарлардаги ҳар бир маҳаллага хос муаммолар аниқланади ва тегишли ечимлар топилади, деди давлат раҳбари.

«Асосий мақсадимиз — одамларимиз доимий даромадга эга бўлишини таъминлаш. Пул топган одам яхши кийиниш ва овқатланишга, сифатли таълим ва малакали тиббий ёрдам олишга, мазмунли ҳордиқ чиқаришга — бир сўз билан айтганда, фаровон яшашга интилади», — деди Президент.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш сиёсати давом эттирилади: 2026 йилда асосий солиқ ставкалари ўзгаришсиз қолади, тадбиркорлик инфратузилмаси лойиҳаларига 10 триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилади.

Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун 140 триллион сўмлик ресурслар тақдим этилади. Шундан 43 триллион сўми хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

«Маҳаллада саноат ва хизматлар» лойиҳаси доирасида 10 мингдан ортиқ ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларини ишга тушириш учун 5 триллион сўм кредитлар берилади. Кредит бўйича фоиз ставкасининг бир қисми: миллий валютада 10 фоизгача ва чет эл валютасида 4 фоизгача Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш компанияси ҳисобидан қопланади. Натижада маҳаллаларда 100 мингта янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.

Ҳар бир маҳаллада 40 тадан микролойиҳани амалга ошириш ва 360 минг кишининг бандлигини таъминлаш учун маҳаллабай ишловчи банк ходимлари ва ҳоким ёрдамчиларига 2026 йилда яна 7,5 триллион сўм ресурслар ажратилади.

Янги йилда маҳалла аҳолисини, хусусан, хотин-қизларни спортга кенг жалб этиш ва бунинг учун зарур инфратузилмани яратиш бўйича уч йиллик дастурий ҳужжат қабул қилинади, бунга 1 триллион сўм йўналтирилади.

Маҳалла ёшларининг китобхонликка бўлган қизиқишини ошириш мақсадида мактаб кутубхоналари ҳар йили 10 миллион нусха бадиий адабиётлар билан таъминланади.