
2026 йилги мавсумдан бошлаб Ўзбекистон чемпионати (Суперлига) футбол клублари тўғридан-тўғри давлат бюджетидан молиялаштирила бошлайди. Жорий йилда 16 та клуб учун 560 млрд сўм (тахминан 45,7 млн доллар) ажратиш режалаштирилган. Бу Президентнинг «Спорт соҳасини молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш ва соҳага тадбиркорлик субъектларини жалб қилишни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган.
Ҳужжатга кўра, 2026 йилда Суперлиганинг 16 та клубидан ҳар бирига 35 млрд сўмдан, 2027 йилда — 30 млрд сўмдан, 2028 йилда эса — 25 млрд сўмдан маблағ ажратилади. Ушбу чора-тадбирлар моддий-техник базани мустаҳкамлаш, спортчиларни тайёрлаш даражасини ошириш ҳамда халқаро мусобақаларда, жумладан, Олимпия ва Осиё ўйинларида муваффақиятли иштирок этиш учун шароит яратиш имконини бериши кутилмоқда.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматовнинг таъкидлашича, ҳужжатда профессионал футбол клублари фаолиятига бизнесни босқичма-босқич жалб этиш, корпоратив бошқарувни жорий қилиш, футболни молиялаштиришда тадбиркорлар улушини ошириш ва замонавий механизмларни татбиқ этиш, шунингдек, клубларни бошқарувга олган инвесторларга имтиёзлар бериш кўзда тутилган.
«Масалан, футбол клубларини сотиб олиш ёки спорт объектларини қуриш ва реконструкция қилиш учун йиллик 14 фоиз ставкада, бир йиллик имтиёзли давр билан 5 йил муддатга кредитлар ажратилади. Ушбу преференциялар орқали муҳтарам Президентимиз клубларимизни ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратиб бермоқдалар», — деди у.
У тенг миқдорда молиялаштириш молиявий «fair play» («ҳалол ўйин») тамойилларини жорий этиш имконини беришини таъкидлади.
«Алоҳида қайд этиш жоиз: муҳтарам президентимиз ҳар бир футбол клубини молиявий қўллаб-қувватлаш учун 35 миллиард сўмдан тенг маблағ ажратмоқдалар, бунинг ўзи клубларда молиявий fair-play тизимини жорий этади. Яъни, Суперлигада иштирок этаётган 16 та жамоа учун тенг имкониятлар яратилмоқда», — деб баёнот берди Равшан Эрматов.
Унинг сўзларига кўра, маблағлар инфратузилма ва академияларни ривожлантиришга йўналтирилади.
Қарор билан, шунингдек, Спорт вазирлиги ҳузурида спорт соҳасидаги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилиши белгиланган бўлиб, у орқали федерациялар ва футбол клубларини молиялаштириш марказлаштирилади ҳамда маблағлардан фойдаланиш назорати амалга оширилади.
Спорт вазири ўринбосари Мурод Исмоилов ушбу қарорни спорт ва футбол жамоатчилиги учун «интизорлик билан кутилган» қарор деб атади, чунки илк бор давлат уларни сақлаш харажатлари учун тўғридан-тўғри бюджетдан маблағ ажратмоқда.
2026 йилда давлат бюджетидан спорт учун ажратилган маблағлардан ташқари, президент қарори билан қўшимча 700 млрд сўм ажратиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, Про-лига ва Суперлигада иштирок этувчи спорт клублари учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (ЖШДС) бекор қилинди, ижтимоий солиқ ставкаси эса 1 фоиз миқдорида белгиланди.
Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимовнинг фикрича, ушбу қарор спортнинг ривожланишига тизимли таъсир кўрсатади ва атлетларни дунё стандартларига мос спорт анжомлари ва экипировкалари билан таъминлашга хизмат қилади.
2025 йил январь ҳолатига кўра, Ўзбекистон Суперлигасидаги 16 та футбол клубидан фақат 3 тасида — «Динамо», «Пахтакор» ва «Сурхон»да хусусий ҳомийлар (Agromir, Akfa ва Eriell) мавжуд эди. Қолган жамоалар «Ўзбекнефтгаз», вилоят ҳокимликлари ва бошқа давлат компаниялари томонидан молиялаштирилади. Профессионал футбол лигаси директори Диёр Имомхўжаев 2024 йилда давлат 2030 йилга бориб профессионал футболни молиялаштиришни тўхтатиш, клубларни хусусийлаштириш ва соҳани тўлиқ бозор механизмларига ўтказишни ният қилганини маълум қилган эди. Ушбу муддатгача 13 та клубни сотиш режалаштирилган эди.
Аввалроқ бир қатор йирик давлат компаниялари клубларни молиялаштиришни тўхтатган эди. Жумладан, «Ўзбекнефтгаз» «Бунёдкор», «Насаф» ва «Бухоро» ҳомийлигидан воз кечганди. Давлат органлари балансида бўлган футбол клубларини сотиш президентнинг 2023 йил 24 мартдаги қарорида кўзда тутилган эди. Тошкентнинг «Пахтакор» клуби 2024 йил январида 24,1 гектар ер майдони билан бирга савдога чиқарилган, бироқ жамоатчилик объектнинг ер билан бирга сотилишига қарши чиққани сабабли хусусийлаштириш тўхтатилган эди.