2026 йилдан бошлаб Ўзбекистонда чиқинди олиб чиқиш учун тўловларни фақат онлайн тарзда амалга ошириш мумкин бўлади

2026 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда жисмоний ва юридик шахслар учун қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш хизматлари учун тўловлар фақатгина электрон тўлов тизимлари орқали онлайн амалга оширилади. Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш ва айланма иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги хабар берди.

Натижада, ушбу санадан бошлаб чиқиндиларни олиб чиқиш хизматлари учун хонадонма-хонадон тўловларни йиғиш тўхтатилади.

Агентликнинг қайд этишича, нақд пулсиз тўловга ўтиш қулай ва шаффоф ҳисоб-китоб тизимини яратишга, шунингдек, коррупциявий кўринишларнинг олдини олишга қаратилган. Агентлик Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги санитария тозалаш корхоналарига тегишли кўрсатмаларни юборган.

Маиший чиқиндиларни олиб чиқиш хизматлари учун тўловларни қабул қилиш ва абонент ҳисобини юритиш қуйидагилар орқали амалга оширилади:

  • Toza makon биллинг тизими;
  • электрон тўлов тизимлари;
  • интернет алоқаси таъминланмаган чекка ҳудудларда жойлашган аҳоли пунктлари учун истисно тариқасида — банк кассалари ва «Ўзбекистон почтаси» бўлимлари орқали.

2024 йил август ойидан бошлаб электр энергияси учун тўловлар маиший чиқиндиларни олиб чиқиш учун тўловларга боғлаб қўйилган. Қарздорлик юзага келганда, истеъмолчи 2100 қисқа рақамидан қарзни тўлаш зарурлиги ҳақида эслатма берувчи SMS-хабарнома олади. Агар 5 кун ичида сумма тўланмаса, электр энергияси учун тўлов чиқинди олиб чиқиш хизматлари учун ҳисоб-китоб қилинмагунча блокланади.