Тошкент метрополитени 2026 йилда 14 та янги таркибни қабул қилиб олади

2026 йилда Тошкент метрополитенига яна 14 та поезд (жами 56 та вагон) етказиб берилиши кутилмоқда, дея хабар қилди пойтахт метрополитени матбуот хизмати. Метрополитен ижтимоий тармоқларда метродаги тиқилинчлар юзасидан билдирилган норозиликларга жавобан шундай баёнот билан чиқди.

«Қарийб 40 йил давомида Тошкент метрополитени бекатлари сони 29 тани, йўналишларнинг умумий узунлиги эса 38 км ни ташкил этган бўлса, сўнгги 6 йилда қўшимча 33 км йўл ва 21 та янги бекат фойдаланишга топширилди. Натижада бекатларнинг умумий сони 50 тага, йўналишлар узунлиги эса 71 км га етди», — дейилади хабарда.

Метрополитен маълумотларига кўра, агар 2021 йилда метро бир кунда 280−300 минг йўловчига хизмат кўрсатган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 920−930 мингни ташкил этди. Бугунги кунда ушбу кўрсаткич 1 миллиондан ошади.

Йўловчилар тўпланиб қолишининг олдини олиш ва йўловчиларнинг йўл вақтини қисқартириш мақсадида сўнгги 3 йилда тиғиз пайтларда (соат 07:30 дан 09:00 гача) поездлар ҳаракати оралиқлари қисқартирилди, дея маълум қилди метрополитен:

  • Чилонзор йўналишида — 5 дақиқадан (2021 йилда 16 та поезд) 1,5 дақиқагача (бугунги кунда 28 та поезд);
  • Ўзбекистон йўналишида — 6 дақиқадан (9 та поезд) 3 дақиқагача (16 та поезд);
  • Юнусобод йўналишида — 11 дақиқадан (6 та поезд) 4 дақиқагача (11 та поезд);
  • Ер усти ҳалқа йўналишида — 12 дақиқадан (5 та поезд) 9 дақиқагача (11 та поезд).

Метро маъмурияти графикка риоя қилишга метрополитендан фойдаланиш қоидаларига амал қилиш ёрдам беришини яна бир бор қайд этди. Йўловчиларни «бир-бирини ҳурмат қилишга, бошқа йўловчилар тушгунига қадар вагон эшиклари олдида турмасликка, бекатга келганда поездни тез тарк этишга, эшикларга суянмасликка, шахсий буюмларни вагонларда ва метро ҳудудида қолдирмасликка» чақирдилар.

Аввалроқ Davletovuz Telegram-каналида метрополитен ишга ва ўқишга қатнайдиган одамлар учун «ҳақиқий синовга айланаётгани» ҳақида пост пайдо бўлган эди. Тиғиз пайтларда йўловчилар 2 тадан 10 тагача поездни ўтказиб юборишга мажбур бўлмоқда, ҳаракат оралиқлари эса қисқармаяпти, аксинча узаймоқда, дея қайд этганди муаллиф.

«Тошкент метрополитенидаги хизмат кўрсатишнинг жорий даражаси нафақат машинаси борларни, балки машинаси йўқларни ҳам бездирмоқда», — дея қўшимча қилган.

Тошкент метросининг Ер усти ҳалқа йўлида июнь ойидан октябрь ойигача барча 14 та бекат оралиғидаги йўлларни тўлиқ реконструкция қилиш ишлари олиб борилди. Ушбу вақт давомида бепул метробуслар ишлади, аммо улар тиғиз пайтларда йўловчилар оқимини эплашда қийинчиликка дуч келди.