
2026 йил Ўзбекистонда 1,5 миллион нафар хотин-қизни даромад билан таъминлаш режалаштирилган бўлиб, уларнинг 400 минг нафари тадбиркорликка жалб этилади. Бу мақсадлар учун 25 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимда маълум қилди.
Бундан ташқари, 166 минг нафар аёл замонавий касблар ва тадбиркорликка, яна 100 минг нафари эса IT-кўникмаларига ўқитилади.
Шу билан бирга, аёллар ўртасида уйда тадбиркорликни йўлга қўйиш учун «Даромадли аёл» дастурини амалга ошириш бошланади. Ушбу дастур туфайли етакчи тадбиркорлар кўмагида касаначилик, ҳунармандчилик, паррандачилик, асаларичилик ва томорқа хўжалиги йўналишларида 50 минг нафар аёлнинг бандлиги таъминланади.
«Ҳамроҳ» дастури доирасида хотин-қизларнинг 3000 та лойиҳасини амалга ошириш учун 1 триллион сўм миқдорида маблағ ажратилади.
Президентнинг сўзларига кўра, 2025 йили аёллар бандлигини ошириш ва уларни тадбиркорликка жалб этиш учун 23,5 триллион сўм кредит ажратилган, натижада 425 мингдан ортиқ аёл иш билан таъминланган ва бизнес билан шуғуллана бошлаган.
Хусусан, Янгиариқ туманидан Наргиза Бекмуратова тўқимачилик соҳасида 300 нафар аёлнинг бандлигини таъминлаб, ўтган йили иккинчи фабрикасини очди ва яна 100 та иш ўрни яратди. 2025 йилда Туркиянинг Анқара шаҳрида бўлиб ўтган халқаро танловда у «Аёллар учун энг кўп иш ўрни яратган тадбиркор аёл» номинациясида ғолиб чиқди.
«Бундай ташаббускор аёл ва қизларимизни мен Янги Ўзбекистон бунёдкорлари деб ҳисоблайман ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрман», — деди Ўзбекистон президенти.