
Ўзбекистонда 2026 йил Ёшларни замонавий касб-ҳунарга ўргатиш йили бўлади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 15 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ўқитувчи ва мураббийлар билан учрашувида маълум қилди, дея хабар берди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.
«Ёшларимизни нафақат замон руҳида, балки келажакка тайёр қилиб тарбиялашимиз керак. Ҳеч қачон эсдан чиқарманг: келажак замонавий билимлар билан қуролланган янги мутахассисларники», — деди давлат раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, мамлакат иқтисодиётига ҳар йили 30-35 миллиард доллар миқдорида инвестициялар жалб қилинмоқда, янги йўналишлар очилиб, замонавий технологиялар жорий этилмоқда, минглаб корхоналар ишга туширилмоқда. Фақатгина бунинг ҳисобига ҳар йили 250-300 мингга яқин юқори даромадли иш ўринлари яратилмоқда.
«Бу иш ўринлари, авваламбор, ёшларимизнинг бандлиги учун қўшимча имконият. Лекин бунинг учун замонавий технологиялар ва хорижий тилларни билиш, касбий кўникма ва малакага эга бўлиш зарур», — дея таъкидлади.
Шу мақсадда Касб-ҳунар таълими агентлиги тузилмоқда. Агентлик ва ҳокимларнинг асосий вазифаси — 598 та техникумда янги таълим муҳитини ва халқаро стандартларни жорий этиш.
Бир йил давомида 100 та техникум Германия, Швейцария, Хитой, Жанубий Корея, Буюк Британия ва бошқа давлатларнинг таълим ташкилотлари билан ҳамкорлик ўрнатади ва у ерларда илғор касб-ҳунар таълими дастурлари жорий этилади.
Бундан ташқари, касбий кўникмаларга эга бўлган ҳар қандай номзод ушбу техникумларда хорижий давлатларнинг малакаларни баҳолаш тизими бўйича имтиҳон топшириб, халқаро сертификат олиши мумкин бўлади.
Янги ўқув йилидан бошлаб 14 та техникумда Британиянинг Pearson компанияси билан ҳамкорликда ёшларга туризм, АТ, тиббиёт, қурилиш, логистика, машинасозлик, энергетика, биотехнологиялар ва ижодий иқтисодиёт соҳаларида касбларни эгаллаш имконини берувчи BTEC халқаро дастури ишга туширилди.
2026 йилда саноат соҳасида қарийб 45 миллиард долларлик 456 та йирик лойиҳа бошланади. Техникумларда «инвестор — соҳа — техникум» тамойили асосида дуал таълим тизими жорий этилади.
Корхоналар билан аниқ лойиҳаларга эга техникумлар ўртасида замонавий устахоналар ташкил этиш бўйича танлов ўтказилади. Ғолиблар замонавий устахона жиҳозлари, шунингдек, спорт анжомлари билан таъминланади.
Дуал таълим билан қамров 5 баравар оширилиши керак, корхоналарга эса 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредитлар берилади. Ўқувчилар учун ягона ижтимоий тўлов 2 баравар қисқартирилади.
Шавкат Мирзиёев янги технологияларни ўзлаштириш ва хорижий инвесторлар билан эркин мулоқот қилиш учун чет тилларни ўрганиш муҳимлигини таъкидлади. Шу муносабат билан техникумларда чет тилларини ўқитиш соатлари 4 баравар кўпайтирилади.
2026 йилдан бошлаб рақамли платформа ишга тушади, бунда Ўзбекистондаги ва хориждаги иш берувчилар битирувчиларнинг касбий кўникмалари ҳақидаги барча маълумотларни кўришлари мумкин бўлади.
Шунингдек, Президентнинг янги қарорига кўра, мактабларда мактаб маслаҳатчиси лавозими жорий этилиб, у 7-синфдан бошлаб ўқувчиларнинг ўзлаштириши ва қизиқишларини кузатиб боради ҳамда уларни техникумларга йўналтиради.
Бунда 9-синф битирувчиларининг мактабга қайтиш имконияти сақланиб қолади. 2025 йилда олий ўқув юртларига ўқишга кира олмаган 11-синф битирувчиларининг 200 мингга яқини қисқа муддатли касб-ҳунар курсларида ўқитилади.
«Янги ташаббусларимиздан мақсад нима? Ҳар бир фарзандимизни касб-ҳунарли ва даромадли қилсак, ҳар бир оилада тўкинлик, маҳаллаларда эса тинчлик бўлади», — деди давлат раҳбари.
Техникум педагогларининг мақомини ошириш мақсадида касбий сертификатлаш тизими жорий этилмоқда. Ўқитувчиларга миллий сертификат учун 30% ва халқаро сертификат учун 50% устама тўланади.
Директорлар ва уларнинг ўринбосарлари мактабдаги ҳамкасбларидан кам бўлмаган маош оладилар, «Директорлар мактаби»да менежерлик сертификати учун эса қўшимча 20% устама оладилар.
Бундан ташқари, техникумларда илмий даража ва унвонлар учун устамалар тўлана бошланади. Ҳар йили 500 нафар ўқитувчи етакчи хорижий таълим ташкилотларига, яна 500 нафар уста-мураббий хориждаги корхоналарга малака оширишга юборилади.
Ушбу учрашувда Президент янги ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон мактабларида 9- ва 11-синф ўқувчилари учун ягона давлат имтиҳони жорий этилишини ҳам маълум қилди. Унинг натижаларига кўра, ўқувчилар ёки техникумларда, ёки университетларда ўқишни давом эттиришлари мумкин бўлади. Давлат раҳбари аввалроқ мактаб битирувчиларининг касб-ҳунар таълими билан қамраб олиниши пастлигини қайд этган эди.