Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 23/02/2026

Гўшт, ёқилғи ва дори-дармон. Январь ойида сезилган инфляцияга нималар энг кучли таъсир кўрсатди

2026 йил январь ойида аҳоли томонидан сезилган (шахсий) инфляция даражаси 0,3 фоиз бандига пасайиб, 11,7 фоизни ташкил этди. Бу Ўзбекистон Марказий банкининг ҳар ойлик сўровидан келиб чиқмоқда.

Ҳудудлар кесимида сезилган инфляциянинг энг юқори даражаси Тошкент шаҳрида қайд этилди — 14% (-0,3 ф. б.), бу расмий йиллик инфляциядан (7,2%) деярли икки баравар юқори.

Пойтахтдан кейинги ўринларда Бухоро вилояти — 13% (11,1% эди) ва Самарқанд вилояти — 12,7% (10,6%) бормоқда. Шкаланнинг бошқа томонида эса 9,7% (10,4%) кўрсаткич билан Хоразм вилояти жойлашган.

Нималар энг кўп қимматлашмоқда

Аҳоли нархларнинг энг кўп ошишини кузатган асосий товарлар гўшт-сут маҳсулотлари бўлди. Респондентларнинг 48 фоизи шу вариантни танлаган (декабрда ҳам 48% эди).

Кейинги ўринларда бензин ва ёқилғи — 40% (37% эди), электр энергияси ва газ — 28% (29%), дори-дармонлар — 23%, сабзавот ва мевалар — 23% (33%), йўл кира ва транспорт хизматлари — 23% (22%) қайд этилган.

Энг кам сонли респондентлар гуруч (6%), шакар ва қандолат маҳсулотлари (7%), маиший хизматлар (8%) нархи ошганини сезган.

Касблар кесимида инфляция бўйича энг юқори баҳони давлат хизматчилари берган — 14,4%. Кучли учликка, шунингдек, саноат ходимлари (13,5%) ва таълим соҳаси вакиллари (12,7%) кирди. Нархлар ўсиши аграр сектор (9,4%), умумий овқатланиш (9,5%) ва савдо (9,6%) соҳаси вакиллари учун энг кам сезиларли бўлган.

Аввалги ойлардагидек, юқори даромадли респондентлар инфляцияни юқорироқ баҳоламоқдалар. Ойлик даромади 30 млн сўмдан юқори бўлган иштирокчилар орасида бу кўрсаткич 22%ни, 20−30 млн сўмлик гуруҳда — 15,2%ни, 15−20 млн сўмлик гуруҳда — 15,5%ни ташкил этди.

Шу билан бирга, 4 млн сўмгача даромадга эга респондентлар 9,9−10% даражасидаги кўрсаткичларни қайд этишган.

Даромадга эга бўлмаган шахслар нархлар ўсишини 12,1% даражасида ҳис қилганлар.

Расмий эълон қилинадиган инфляция даражаси кўплаб уй хўжаликлари талаби асосида шакллантириладиган истеъмол нархлари индекси саватидаги барча товар ва хизматлар умумий нарх даражасининг ўзгаришини акс эттиради. Шахсий (сезилган) инфляция эса инсон ёки оиланинг сўнгги 12 ой давомида кундалик ҳаётида истеъмол қиладиган товар ва хизматлари нархларининг ўзгариши асосида шаклланади.

Агар мунтазам сотиб олинадиган товар нархи кўтарилса, бу камдан-кам сотиб олинадиган товар нархи ошишига қараганда нархлар ўсиши ҳиссини кўпроқ уйғотади. Шундай қилиб, сезилган инфляция — бу истеъмолчилар кайфияти ва кутишларини акс эттирувчи ўзига хос эмоционал барометр бўлиб, у уларнинг хатти-ҳаракатларига кучли таъсир кўрсатиши, иқтисодиётга бўлган ишонч даражасини пасайтириши ва харажат қилишдан кўра жамғаришга бўлган мойилликни ошириши мумкин.