
Ўзбекистондаги вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари январь ойида 386 та қарор ва фармойишни жамоатчиликдан асоссиз равишда яширган. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Бир ой давомида E-qaror тизимида «махфий» ва «хизмат доирасида фойдаланиш учун» (ХДФУ) грифи остида жами 1907 та ҳужжат қабул қилинган.
Асоссиз яширилган қарорларнинг 68 таси ташкилий тузилмани тасдиқлашга, 46 таси маблағ ажратишга, 34 таси рағбатлантиришга, 156 таси лавозимга тайинлашга ва 82 таси бошқа масалаларга оид бўлган.
Энг кўп ҳужжатлар Фарғона вилоятида (67 та ёки 44 фоиз), Бухорода (58 та, 37 фоиз), Қашқадарёда (41 та, 26 фоиз), Самарқандда (38 та, 15 фоиз) ва Хоразмда (32 та, 39 фоиз) асоссиз равишда яширилган.
Агентлик Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига 68 та ҳужжатнинг очиқланишини таъминлаш ҳамда қонунбузилишга йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан чора кўриш бўйича тақдимномалар юборди.
Ҳозирда агентлик асоссиз равишда яширилган деб топилган қолган ҳужжатларни ўрганишни давом эттирмоқда. Натижаларга кўра, ҳар бир қарор ва фармойиш бўйича ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилади, дейилади агентлик хабарида.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил якунида президент фармон имзолаган бўлиб, унга кўра Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши экспертиза ўтказиш ҳамда амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги коррупциявий хавфларни бартараф этиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштирувчи масъул орган этиб белгиланган эди. Идора зиммасига, хусусан, «очиқлик соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилишнинг самарали чораларини қўллаш ва E-qaror тизимида қабул қилинаётган ҳужжатларни эълон қилишда очиқликни таъминлаш» вазифаси юклатилган.