Ўзбекистон ЯИМнинг 2026 йил учун ўсиш прогнози — 6,6%

2026 йилда иқтисодиётнинг 6,6 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда, ялпи ички маҳсулот ҳажмини 167 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида маълум қилди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги меҳнат унумдорлиги ва энергия самарадорлиги бўйича лойиҳани амалга оширади. Унинг доирасида халқаро молия институтларининг 200 миллион долларлик кредит ва грантлари жалб этилади. Саноат корхоналари учун хориждан юқори малакали технолог ва муҳандислар таклиф этилади, бизнес жараёнлари рақамлаштирилади, энергия сарфини камайтириш бўйича аудитлар ўтказилади.

Шу муносабат билан «Тўртинчи саноат инқилоби маркази» ташкил этилади. Унинг негизида саноат корхоналарига робототехника, буюмлар интернети, «ақлли фабрика» каби ечимларни жорий этиш учун «тартибга солиш механизми» шакллантирилади.

Бунда корхоналар янги технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этишдан олдин уларни синовдан ўтказиш имкониятига эга бўлади.

Президент юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналарни рағбатлантиришни эълон қилди. Корхоналар мутахассисларининг илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмаларидан олган даромадлари солиқлардан озод қилинади.

Буларнинг барчаси туфайли яқин 5 йил ичида саноатда меҳнат унумдорлиги 30 минг долларга етказилиши, 1000 долларлик қўшилган қиймат яратиш учун энергия сарфи эса 1,5 бараварга камайиши кутилмоқда.