
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида 2026 йилни «Маҳалла ва бутун жамиятни ривожлантириш йили» деб эълон қилишни таклиф қилди.
Нутқининг аввалида Президент маҳаллани демократик ўзгаришлар асоси ва бутун дунёни ҳайратга солаётган феномен деб атади.
«Тарихимиз давомида қандай оғир синовларга дуч келмайлик, энг аввало, жипслигимиздан куч олдик. Қийин кунларда одамларимиз, маҳалладошларимиз елкадош бўлиб, мушкулларни енгиб ўтишди. Оила оилага таянди, қўшни қўшнига кўмак берди. Биз доимо ўзимизнинг мана шундай ноёб қадриятимизга содиқ қолишимиз ва ёш авлодни айнан шу руҳда тарбиялашимиз керак», — деди давлат раҳбари.
«Табиийки, бугун жамиятимизда турли фикр ва қарашлар мавжуд. Бу — демократиянинг биринчи талаби. Бироқ миллати, тили ва динидан қатъи назар, 38 миллионлик халқимизни бирлаштирадиган бир улуғ ғоя бор. Бу — Ватан манфаати, халқимиз манфаати», — дея таъкидлади Президент.
«Бундай буюк мақсадга эришишда маҳалла тизимининг ўрни ва таъсири беқиёс. Чунки маҳалла тинч ва аҳил бўлса, жамиятимиз ҳам тинч ва жипс бўлади. Маҳалла ривожланса — бутун мамлакатимиз гуллаб-яшнайди», — деди Шавкат Мирзиёев.

