
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ўзбекистоннинг 2026 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси ва 2026–2028 йилларга мўлжалланган Бюджетномани тақдим этди. Ҳужжат 2025 йил 3 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишдан ўтди.
| Кўрсаткичлар | 2026 йил учун прогноз | 2027 йил учун мақсадли ориентирлар | 2028 йил учун мақсадли ориентирлар |
| Ялпи ички маҳсулот (ЯИМ), трлн сўм | 1 976 | 2 256 | 2 576 |
| ЯИМ ўсиш суръатлари, % | 6,6 | 6,8 | 6,9 |
| Инфляция, % | 7 | 5–6 | 5 |
| Саноат ишлаб чиқаришининг ўсиш суръатлари, % | 6,4 | 6,7 | 6,9 |
| Қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида ишлаб чиқаришнинг ўсиш суръатлари, % | 4,2 | 4,3 | 4,3 |
| Бозор хизматларининг ўсиш суръатлари, % | 14,5 | 14,3 | 14,4 |
| Қурилиш ишларининг ўсиш суръатлари, % | 10,2 | 8,3 | 8 |
Лойиҳага кўра, 2026 йилда иқтисодий ўсиш 6,6 фоиз даражасида — 1976 трлн сўмгача бўлиши прогноз қилинмоқда. Саноат ишлаб чиқариши 6,4 фоизга, қишлоқ хўжалиги 4,2 фоизга, хизматлар соҳаси 14,5 фоизга, қурилиш эса 10,2 фоизга ўсиши кутилмоқда.
Келаси йили инфляция 7 фоизгача, 2027 йилда эса 5–6 фоизгача тушиши керак.
Бюджет параметрлари
Консолидациялашган бюджет даромадлари (давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ва Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағларини ўз ичига олади) 515,4 трлн сўмни, харажатлари эса 567,0 трлн сўмни ташкил этиши кутилмоқда.
Максимал фискал тақчиллик 59,9 трлн сўм ёки ЯИМга нисбатан 3 фоиздан кам бўлиши белгиланган.
| № | Кўрсаткичлар | 2026 йил учун прогноз | 2027 йил учун бюджет ориентирлари | 2028 йил учун бюджет ориентирлари |
| I. | Консолидациялашган бюджет даромадлари | 515 354,80 | 584 973,90 | 663 200,80 |
| 1 | Давлат бюджети даромадлари | 368 918,30 | 425 532,00 | 486 168,80 |
| 2 | Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари * | 78 168,00 | 87 490,20 | 101 488,20 |
| 3 | Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига тушумлар | 24 315,40 | 25 361,40 | 26 624,00 |
| 4 | Бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармаларига тушумлар | 43 953,10 | 46 590,30 | 48 919,80 |
| II. | Консолидациялашган бюджет харажатлари | 566 991,50 | 644 465,30 | 732 557,80 |
| 1 | Давлат бюджети харажатлари * | 328 850,50 | 384 935,00 | 449 096,50 |
| 2 | Жамғармалар харажатлари | 147 508,60 | 161 180,00 | 176 239,20 |
| 3 | Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси харажатлари | 24 315,40 | 25 361,40 | 26 624,00 |
| 4 | Бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари харажатлари | 43 953,10 | 46 590,30 | 48 919,80 |
| 5 | Ташқи қарз ҳисобидан давлат дастурларига харажатлар | 22 363,80 | 26 398,60 | 31 678,30 |
| III. | Давлат дастурларини молиялаштириш учун депозитлар, бюджет ссудалари ва кредит линиялари | 8 223,40 | 8 874,50 | 8 761,50 |
| IV. | Давлат мақсадли жамғармаларига трансфертлар | 73 586,50 | 75 717,70 | 78 837,40 |
| V. | Давлат бюджетига трансфертлар | 13 200,00 | 15 500,00 | 16 500,00 |
| VI. | Умумий фискал баланс (профицит + / дефицит -) | -59 860,10 | -68 365,90 | -78 118,50 |
| VII. | Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари сальдоси (профицит + / дефицит -) | -29 272,90 | -33 092,90 | -37 678,70 |
| VIII. | Давлат қарзини сўндириш | 49 198,80 | 51 340,80 | 72 182,40 |
Давлат бюджетининг ўз даромадлари 368,9 трлн сўм, харажатлари эса 402,4 трлн сўм (бюджетлараро трансфертларни ҳисобга олган ҳолда) миқдорида режалаштирилган. Бюджет ва мақсадли жамғармалар тақчиллиги 29,3 трлн сўм (ЯИМнинг 1,5 фоизи) даражасида прогноз қилинмоқда.
Давлат мақсадли жамғармаларининг даромадлари (трансфертларсиз) 78,2 трлн сўм, харажатлари 147,5 трлн сўм миқдорида белгиланган. Уларга республика бюджетидан 73,6 трлн сўм трансфертлар ажратилади.
Пенсия жамғармаси даромадлари 64,7 трлн сўмни, харажатлари 86,1 трлн сўмни ташкил этади, бунда жамғарма 23 трлн сўм трансферт олади.
2021 йилдан бошлаб ташқи қарз ҳисобидан молиялаштириладиган давлат дастурлари харажатлари консолидациялашган бюджет таркибига киритилмоқда. 2026 йилда улар 22,4 трлн сўмни ташкил этади.
Ташқи қарз ва ДХШ
Ташқи қарз бўйича ҳар йиллик янги битимларнинг чегаравий ҳажми 5 млрд доллар (бу йил 5,5 млрд доллар эди) этиб белгиланди, шундан:
- 2,5 млрд доллар — бюджетни қўллаб-қувватлаш ва тақчилликни молиялаштиришга,
- 2,5 млрд доллар — инвестиция лойиҳаларига йўналтирилади.
Давлат қимматли қоғозларининг соф ҳажми лимити 30 трлн сўм миқдорида (ҳозиргидек) белгиланди.
Бундан ташқари, давлат бюджети учун хавфларни камайтириш мақсадида, давлатнинг мажбуриятларини (сотиб олиш ёки тўлаш) назарда тутувчи янги давлат-хусусий шериклик лойиҳалари қийматининг юқори чегараси 6,5 млрд доллар даражасида сақлаб қолинади.
Маҳаллий бюджетлар ва солиқлар тақсимоти
Республика бюджетидан маҳаллий бюджетларга 19,7 трлн сўм тартибга солувчи трансфертлар йўналтирилади, бу 2025 йилда кутилаётган кўрсаткичдан (18,5 трлн сўм) 6,4 фоизга кўп.
Маҳаллий бюджетлар барқарорлигини ошириш учун ҚҚС тушумларининг бир қисми (йирик солиқ тўловчилар солиқларидан ташқари) энди жойларда қолади:
- 5 фоизи — Тошкент шаҳрида,
- 20 фоизи — Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда.
2026 йилдан бошлаб олий ўқув юртлари ҳузуридаги академик лицейлар колледж ва техникумлар каби маҳаллий бюджетлардан молиялаштиришга ўтказилади.
Шунингдек, мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларни лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш харажатлари республика бюджетидан маҳаллий бюджетларга ўтказилади, яъни уларни ҳокимликлар молиялаштиради.
Хизматлар, саноат ва агросектор
Бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров 2026 йилги ривожланиш устуворликларини тақдим этар экан, яқин йилларда хизматлар соҳаси иқтисодиётнинг асосий драйвери бўлиб қолишини таъкидлади. Диққат марказида — билим ва юқори технологияларга асосланган тармоқларни кенгайтириш туради.
Хусусан, сунъий интеллект асосида яратиладиган дастурий маҳсулотлар ва хизматлар ҳажмини 10 млн доллардан 200 млн долларгача ошириш кўзда тутилган.
Шунингдек, ҳудудларда телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш давом эттирилади:
- 66 минг км оптик толали алоқа тармоқларини ётқизиш,
- 2284 та таянч станциясини ишга тушириш,
- 100 дан ортиқ янги ахборот тизимларини жорий этиш.
Бундан ташқари, туристик салоҳияти юқори бўлган 150 та маҳаллада 5000 та инфратузилма лойиҳасини амалга ошириш, шунингдек, 1000 га яқин маҳаллани боғловчи 200 та гавжум кўчани модернизация қилиш режалаштирилган.
Саноатда юқори ўсиш суръатларини таъминлаш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар улушини ошириш бўйича дастурлар амалга оширилади.
Вазирнинг сўзларига кўра, энергетика секторида 11,7 ГВт янги ишлаб чиқариш қувватлари яратилади.
Ҳудудлар даражасида 257 та маҳаллада микро-дастур доирасида 316 та саноат лойиҳасини ишга тушириш режалаштирилган.
Шунингдек, 30 та маҳаллада 34 та янги юқори технологик лойиҳа бошланади, 50 та маҳаллада уларнинг ихтисослашувидан келиб чиқиб микро-саноат марказлари ташкил этилади.
Қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар самарадорликни ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилади.
Сув сарфини камайтириш дастури доирасида 1200 км дан ортиқ тупроқ ўзанли суғориш каналлари бетонлаштирилади.
Қўчқоровнинг сўзларига кўра, президент топшириқлари ҳамда хорижий илғор нав ва технологияларнинг жорий этилиши туфайли бу йил пахта ҳосили сезиларли даражада ошган. «Бу тажриба келгуси йилда янада кенгроқ ёйилади», деди.
Маҳаллалар ихтисослашувини чуқурлаштириш учун 16 та агростарт 1000 та маҳаллада сифатли уруғ ва кўчатларни арзон нархларда етказиб бериш орқали қўллаб-қувватлашни таъминлайди.
Ер ислоҳотлари экинларни тупроқ унумдорлигига мос равишда жойлаштириш ҳисобига давом эттирилади, бу ҳосилдорликни ошириш имконини беради.
2026 йилда ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва инфратузилмани кенгайтириш ҳисобига ҳудудий ялпи маҳсулот ўсишини камида 6–6,5 фоиз даражасида таъминлаш режалаштирилган.
Шунингдек, давлат корхоналарини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш жараёни тезлашади.
Сунъий интеллект технологиялари асосида ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш ҳисобига уларнинг самарадорлигини 10–15 фоизга ошириш кўзда тутилмоқда.
Қўчқоров таъкидлаганидек, бизнес муҳитини яхшилаш ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар давом эттирилади. Рақамлаштириш ҳисобига лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари сезиларли даражада соддалашади.
Инновацияларни ривожлантириш учун стартап инфратузилмаси кенгайтирилади. Прогнозларга кўра, 2026 йил якунига қадар венчур жамғармалари иштирокида камида 200 та стартап ишга туширилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги аввалроқ 2026 йил учун солиқ сиёсатини тақдим этган эди: асосий ставкалар сақлаб қолинади, алкоголь, тамаки ва ширин ичимликлар учун акцизлар оширилади, чипслар учун солиқ жорий этилади ва маркетплейслар учун ставкалар кўтарилади. Ҳисоботларни соддалаштириш ва кичик бизнес учун енгилликлар бериш режалаштирилган.

