
Жаҳон бозорида олтин нархининг кўтарилиши Ўзбекистон бюджетига қўшимча даромад келтирмоқда ва тақчилликни камайтиришга хизмат қилмоқда, бироқ 2026 йил учун бюджетни шакллантиришда ҳукумат консерватив сценарийларга асосланмоқда. Бу ҳақда иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров 18 декабрь куни Сенат мажлисида давлат бюджети тўғрисидаги қонун муҳокамаси чоғида маълум қилди.
Сенатор Нусуратулла Пардаев глобал беқарорлик фонида олтин қимматлашишда давом этаётганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, сўнгги икки йилда мамлакат олтин захиралари қиймати икки бараварга ошган, халқаро захиралардаги олтин улуши эса 80 фоиздан ошган.
«Иқтисодий фаолликнинг кутилаётган ўсиши ва олтин нархининг кўтарилиши бюджетга режадан ташқари даромадлар тушишига ва шунга мос равишда давлат харажатларининг кўпайишига олиб келиши мумкин», — дея таъкидлади сенатор ва 2026 йил бюджетини шакллантиришда ушбу омил ҳисобга олингани билан қизиқди.
Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров бюджет лойиҳасида умумий фискал тақчилликни 3 фоиз даражасида ушлаб туриш кўзда тутилганини маълум қилди. Унинг тушунтиришича, келгуси йилда бюджет қамрови кенгаяди: тақчиллик ҳисоб-китобига бюджет ҳисобидан бериладиган депозит ва қазлар бўйича операциялар ҳам киритилади.
Унинг сўзларига кўра, жорий йилга нисбатан консолидациялашган бюджет (давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ва Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағларини ўз ичига олади) тақчиллиги 2,6 фоизгача қисқаради, ташқи қарз олиш ҳажми эса 5,5 млрд доллардан 5 млрд долларгача камаяди.
27 трлн сўм қўшимча даромад
Ҳайдаров, шунингдек, бюджет лойиҳаси президент раҳбарлигида муҳокама қилингани ва давлат раҳбари даромадларни кўпайтириш бўйича топшириқлар берганини айтди.
«Божхона қўмитаси, Солиқ қўмитаси, Бош прокуратура ва тегишли департаментларга бюджетга қўшимча тушумларни таъминлаш топширилди. Умуман олганда, келгуси йилда 27 трлн сўм қўшимча даромад олиш вазифаси қўйилган», — деди.
Бюджет даромадларининг базавий прогнози 368 трлн сўм бўлганда, ушбу маблағлар тақчилликни камайтиришга қўшимча ҳисса қўшиши керак. Иккинчи асосий йўналиш, вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, харажатлар устидан назорат бўлади.
Олтин нархи консерватив тарзда белгиланмоқда
Олтин нархи ҳақида гапирганда, Аҳадбек Ҳайдаров бюджетни тайёрлашда эҳтиёткорона ёндашувдан фойдаланилганини таъкидлади.
«Халқаро амалиёт шуни кўрсатадики, давлат бюджети лойиҳасини тайёрлашда олтин нархи доимо консерватив тарзда белгиланади. Биз ҳам қисқа муддатли тебранишлардан эмас, балки узоқ муддатли тенденциялар ва фундаментал омиллардан келиб чиқдик», — деди.
Шу билан бирга, у йил давомида қўшимча даромадлар пайдо бўлишини истисно қилмади. Агар олтин нархининг қисқа муддатли ўсиши ҳисобига қўшимча маблағлар тушса, уларнинг бир қисми устувор мақсадларга, бир қисми эса бюджет тақчиллигини камайтиришга йўналтирилиши мумкин.
Марказий банкнинг базавий сценарийсига кўра, олтинга бўлган талаб юқорилигича қолса, 2026 йилнинг биринчи ярмида унинг нархи ўсиш трендида қолади. Ўртача йиллик нарх бир трой унция учун 3800−4000 доллар даражасида прогноз қилинмоқда, 2027 йилдан бошлаб эса пасайиш трендига ўтиш кутилмоқда (2027 йилда — 3500 доллар, 2028 йилда — 3410 доллар).
2025 йил 11 ой ичида Ўзбекистон рекорд даражадаги 9,9 млрд долларлик олтин экспорт қилди, бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 1,5 баравар кўпдир. Олтин мамлакат жами экспортининг 32,1 фоизини ташкил этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг халқаро захиралари 5 йил ичида икки баравардан зиёд кўпайиб, 66,3 млрд долларга етди, бунинг 83 фоизи олтин ҳиссасига тўғри келади. Марказий банк бундай тузилма консерватив ёндашувни акс эттиришини, бироқ регулятор нархлар волатиллиги хавфини ҳисобга олиб, портфелни диверсификация қилишни бошлаганини маълум қилган.
Жаҳон бозорида олтин нархининг кўтарилиши Ўзбекистон бюджетига қўшимча даромад келтирди, шу сабабли ҳукумат харажатларни прогнозлардан тезроқ оширди. 2025 йилнинг 9 ойи ичида давлат бутун йил учун мўлжалланган харажатлар режасининг 90,4 фоизини бажарди. Йил якунларига кўра, давлат органлари дастлаб режалаштирилганидан 41,2 трлн сўмга ($3,4 млрд) кўп маблағ сарфлади.