Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш

Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар оқими йил бошидан буён 33 фоизга ошди

2026 йилнинг январь ва февраль ойларида Ўзбекистонга қарийб 1,77 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрди. Туризм қўмитаси матбуот хизматининг хабар беришича, 2025 йилнинг шу даврига нисбатан бу кўрсаткич 441 минг кишига ёки 33 фоизга ошган.

Spot нашри Миллий статистика қўмитасининг туризмга оид маълумотларини таҳлил қилди. Ўзбекистонга ташриф буюрувчилар сони бўйича Қирғизистон биринчи ўринни эгаллаб турибди. Икки ой ичида ушбу мамлакатдан 521,1 минг киши келган, бу ўтган йилги даражадан 23,3 фоизга кўп.

Иккинчи ўринда Тожикистон жойлашган бўлиб, у ердан 469 мингта ташриф амалга оширилган ва 2025 йилги кўрсаткич 16,8 фоизга ортда қолдирилган. Кучли учликни Қозоғистон якунлаб бермоқда — 386,2 минг марта чегара кесиб ўтилган, бу ўтган йилгига нисбатан 94 фоизга кўп демакдир.

Россия фуқаролари Ўзбекистонга 123,3 минг марта саёҳат қилган бўлиб, 2025 йилга нисбатан 36 фоизлик ўсиш қайд этилган. Афғонистондан ташрифлар сони анча паст ўсишни кўрсатди — 2,2 фоизга ошиб, 83,6 мингтани ташкил этди. Яна 51,2 мингта ташриф Туркманистон ҳиссасига тўғри келди (+4,8%).

Хитойлик сайёҳлар сони дастлабки икки ойда 49 080 нафарга етди. Визасиз режим жорий этилиши фонида бу кўрсаткич 2025 йилги даражадан 3,5 баравар ошди.

Туркиядан Ўзбекистонга 24,2 мингта сафар амалга оширилди — бу аввалги йилга нисбатан 7,5 фоизга кўп. Ҳиндистон топ-10 таликда сафарлар сони камайганини (9,4 минг ташриф, -8,6%) кўрсатган ягона давлат бўлди. Ўнталикни Жанубий Корея якунламоқда — 5 398 киши (+2%).

2025 йилда Ўзбекистонга жами 11,7 миллион хорижий сайёҳ ташриф буюрган эди. Ўшанда ҳам юқори ўринларни Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон эгаллаган, Хитой эса 2024 йилга нисбатан қарийб 4 баравар ўсиш билан энг юқори суръатни намойиш этганди.

Қўмитанинг аниқлик киритишича, сайёҳлар ҳисоби Чегара хизмати ва Миллий статистика қўмитаси маълумотлари асосида юритилади. БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилотининг «Туризм статистикаси бўйича халқаро тавсиялари»га мувофиқ, шахсий мақсадларда (таътил, ҳордиқ, дўстлар ва қариндошларни йўқлаш, таълим, даволаниш, зиёрат, харидлар, транзит), шунингдек, иш юзасидан ва профессионал мақсадларда хориждан келган чет элликлар сайёҳлар ҳисобланади.