
2026 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда қатор тўловлар фақат нақд пулсиз шаклда қабул қилинади. Бу президентнинг 2025 йил 10 декабрдаги «Нақд пулсиз ҳисоб-китобларни кенгайтириш ва норасмий иқтисодиёт улушини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида назарда тутилган.
Ушбу санадан бошлаб қатор операцияларни фақат банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали тўлаш мумкин бўлади. Бу қуйидагиларга тегишли:
- давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар;
- электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви учун тўловлар;
- алкоголли ва тамаки маҳсулотларини сотиб олиш;
- ёнилғи қуйиш шохобчалари орқали аҳолига нефть-газ маҳсулотларини сотиш, шунингдек, электр транспорт воситаларини зарядлаш хизматлари;
- қиймати 25 млн сўмдан ортиқ бўлган товар ва хизматлар;
- кўчмас мулк, шунингдек, M, N, O ва G тоифаларидаги (ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган) транспорт воситалари, жумладан, махсус техникани сотиш-сотиб олиш.
Бунда сотувчи ва харидор ўртасидаги олди-сотди шартномалари бўйича ҳисоб-китоблар банклар ва нотариал органларнинг ахборот тизимлари ўртасидаги электрон маълумотлар алмашинуви орқали амалга оширилади (истисно — банк кассалари орқали амалга ошириладиган тўловлар).
Шартномаларни нотариал расмийлаштиришда банклар ва тўлов ташкилотлари томонидан электрон шаклда тақдим этилган тўлов тўғрисидаги маълумотлар тўловнинг тасдиғи ҳисобланади.
Фармонга кўра, 2030 йилгача иккита асосий мақсадли кўрсаткич белгиланган:
- яширин иқтисодиётнинг ЯИМга нисбатан улушини 1,3 баробарга қисқартириш;
- савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида аҳолининг нақд пулсиз тўловлар улушини 75 фоизга етказиш.
2025 йил июнь ойида Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев кўчмас мулк ва автотранспорт воситаларини сотишни фақат нақд пулсиз ҳисоб-китоб асосида амалга оширишни таклиф қилганини маълум қилган эди. Ушбу операциялар доирасидаги комиссияларни бекор қилиш режалаштирилган.
Шу билан бирга, жисмоний шахслар билан тузилган олди-сотди шартномалари банк маълумотлари асосида нотариал тасдиқланиши, юридик шахслар билан эса нақд пулсиз ҳисоб-китобни тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлган тақдирда электрон ҳисобварақ-фактуралар орқали расмийлаштирилиши керак бўлади.
Товар ва хизматлар нархи 3000 доллардан ошган тақдирда тўловни фақат нақд пулсиз шаклда амалга ошириш таклиф қилинган (аввалроқ лимитни 300 баробарлик ҳисоб-китоб миқдорида ёки 100 млн сўмдан сал кўпроқ этиб белгилаш таклиф қилинган эди, натижада 25 млн сўм миқдори танланди).

