
Ўзбекистонда мол-мулк солиғини ҳисоблаш тартиби ва ставкалари ўзгарди. Бу ҳақда Ўзбекистон Солиқ қўмитаси маълум қилди.
Солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиришларни президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 25 декабрь куни тасдиқлади. Ўзгаришлар 2026 йил учун солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини белгиловчи ҳамда жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи учун янги ставкаларни жорий этувчи қонун билан мустаҳкамланди.
| Солиқ солиш объектлари | 2025 йил ставкаси | 2026 йил ставкаси |
| Турар жойлар ва квартиралар, дала ҳовли иморатлари (200 кв. м гача), кўп қаватли уй билан узвий боғлиқ бўлган машина тўхташ жойи, шунингдек, бошқа иморатлар, хоналар ва иншоотлар | 0,34% | 0,36% |
| Шаҳарларда умумий майдони 200 дан 500 кв. м гача бўлган уй-жойлар | 0,45% | 0,48% |
| Шаҳарларда умумий майдони 500 кв. м дан ортиқ бўлган уй-жойлар | 0,60% | 0,64% |
| Бошқа аҳоли пунктларида умумий майдони 200 кв. м дан ортиқ бўлган уй-жойлар ва дала ҳовлилар | 0,45% | 0,48% |
Юридик шахслар учун мол-мулк солиғининг базавий ставкаси ўзгаришсиз — 1,5 фоиз даражасида қолмоқда. Юридик шахсларга ёки якка тартибдаги тадбиркорларга ижарага бериладиган, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиладиган кўчмас мулк объектларига ҳам худди шу ставка бўйича солиқ солинади.
Шу билан бирга, юридик шахсларнинг мол-мулк солиғини ҳисоблаш учун 1 кв. м майдоннинг минимал қиймати оширилди:
- Тошкент шаҳрида — 3,53 млн сўмгача,
- Нукус шаҳри ва вилоят марказларида — 2,35 млн сўмгача,
- бошқа аҳоли пунктларида — 1,39 млн сўмгача.
Халқ депутатлари кенгашлари ушбу қийматларга нисбатан камайтирувчи коэффициентларни қўллаш ҳуқуқини сақлаб қоладилар. 208 та туман ва шаҳар учун тасдиқланган ставкалар жадвали ҳукумат порталида эълон қилинди.
Умумий фойдаланишдаги темир йўл воситалари, магистраль қувурлар, алоқа ва электр узатиш тармоқлари учун солиқ ставкаси 0,65 фоиздан 0,7 фоизгача оширилади. Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига асосан қурилиши тугалланмаган ва консервация қилинган объектларга нисбатан ҳам худди шу ставка қўлланилади.
Бундан ташқари, юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи бўйича ҳисоботларни шакллантиришнинг проактив (автоматик) тартиби жорий этилмоқда. Солиқ органлари ҳисоботларни мавжуд маълумотлар ва солиқ тўловчи томонидан шахсий кабинет орқали киритилган ахборотлар асосида тузадилар. Тўловчида тузатишлар киритиш учун беш кун вақт бўлади, шундан сўнг ҳисобот қабул қилинган деб ҳисобланади.
Шунингдек, юридик шахслар учун мол-мулк ва ер солиғи бўйича имтиёзлар бериш шартлари кучайтирилмоқда. Имтиёзларни сақлаб қолиш учун компаниянинг товар ва хизматларни реализация қилишдан олган даромади тақдим этилган имтиёзлар суммасидан юқори бўлиши, шунингдек, йилига ўртача камида уч нафар ходимга эга бўлиши ва уларнинг иш ҳақи меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг икки бараваридан (2,542 млн сўм) паст бўлмаслиги керак.
Сенатда қонун муҳокамаси давомида Солиқ қўмитаси вакили 2026 йил 1 январдан бошлаб солиқ органлари олти турдаги солиқ — мол-мулк солиғи, ер солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, ижтимоий солиқ, қўшилган қиймат солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича ҳисоботларни солиқ тўловчилар ўрнига автоматлаштирилган тартибда тайёрлашини маълум қилди.
«Бу солиқ тўловчилар томонидан ўз солиқ мажбуриятларини бажаришда қонунчилик талаблари бузилишининг олдини олишга имкон беради. Иккинчидан, хато ва ноаниқликлар сони камаяди. Учинчидан, ҳисоботларни ўз вақтида тақдим этмаганлик учун жарималар қўлланилишининг олди олинади», — дея таъкидлади идора ва фойда солиғи бўйича ҳам ҳисоботларни шакллантиришни автоматлаштириш режалаштирилаётганини қўшимча қилди.

