
2025 йилда Ўзбекистонда расман 9226 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилди, бу ўтган йилдагига (9364 та) нисбатан қарийб 1,5 фоизга кам. Бу ҳақда ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маълум қилди.
2026 йил 14 январь куни идора томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, йил давомида юз берган авариялар оқибатида 2188 киши ҳалок бўлган, бу 2024 йилга (2199 нафар) нисбатан 0,5 фоизга кам. Шунингдек, 8901 киши жароҳатланган бўлиб, бу кўрсаткич 0,34 фоизга (8931 нафар) камайган.
Йил давомида болалар иштирокидаги ЙТҲлар сони 171 тага (9,6 фоизга), ЙТҲларда ҳалок бўлган болалар сони эса 36 нафарга (12,8 фоизга) камайган, дейилади хабарда.
Хизмат ушбу пасайиш хотиржамликка берилиш учун асос бўла олмаслигини тан олди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига таяниб, ЙТҲлар инсонлар ўлимининг асосий сабабларидан бири экани таъкидланди. Улар инсон саломатлигига, оилаларга ва умуман мамлакатларга жиддий зарар етказади.
Йил давомида ЙТҲлар сони, шунингдек, улардаги ўлим ва жароҳатланиш ҳолатларининг камайиши сезиларли бўлмаса-да, ЙҲХХ аҳоли сони ва транспорт воситаларининг доимий ўсиши ҳисобга олинса, пасайиш кўпроқ кўзга ташланишини қайд этди.
5 йил (2021–2025) ичида Ўзбекистон аҳолиси 35 271 276 нафардан 38 232 254 нафаргача, транспорт воситалари сони эса 3 821 869 тадан 5 532 396 тагача ошди. Расмий маълумотларга кўра, ЙТҲлар сони 10001 тадан 9364 тагача, улардаги ўлим ҳолатлари эса 2426 нафардан 2188 нафаргача камайган.
Ушбу даврда аҳолининг ҳар 100 минг нафарига тўғри келадиган ўлим кўрсаткичи 6,9 дан 5,7 гача ёки тахминан 17,4 фоизга, ҳар 10 мингта транспорт бирлигига эса 6,3 дан 4 гача ёки 36,5 фоизга камайган, деб таъкидлади идора.
2024 йил якунларига кўра, МДҲда фақат Озарбайжонда аҳолининг ҳар 100 минг нафарига тўғри келадиган ЙТҲлар сони Ўзбекистондагидан кам бўлган, ўлим билан боғлиқ ЙТҲлар сони бўйича эса Ўзбекистон энг паст кўрсаткични қайд этган, деб кўрсатди ЙҲХХ.
Хизмат бошқа тузилма ва ташкилотлар билан ҳамкорликда ЙТҲлар ва уларнинг оғир оқибатларини олдини олиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар мажмуи устида ишлаётганини билдирди.

