
АҚШдан 44 нафар Ўзбекистон фуқароси келган репатриация рейси президент Дональд Трамп ҳокимиятга келганидан бери бир йил ичида ўн биринчиси бўлди. ТИВ ҳузуридаги «Дунё» ахборот агентлиги хабарига кўра, жами ушбу рейслар орқали 700 га яқин киши Ватанига олиб келинган.
Ҳар бир рейс ортида Ўзбекистон ва АҚШ тегишли идораларининг кўп ойлик ҳамкорликдаги иши ётибди. Бу фаолият «Ўзбекистоннинг хориждаги ўз фуқаролари ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш масалаларидаги изчил позициясини ифодалайди», дейилади хабарда.
Рейс Американинг Omni Air International чартер авиакомпаниясига тегишли Boeing 767-300 самолётида амалга оширилди. Самолёт 20 январь куни эрталаб АҚШнинг Мексика билан чегарасидаги Эль-Пасо шаҳридан (Техас штати) учиб кетган. АҚШ, Руминия ва Арманистондаги учта оралиқ тўхташ билан бирга йўлдаги вақт бир суткадан сал кўпроқни ташкил этди. Ўзбекистонликлар 21 январь куни кечқурун Тошкентга етиб келишди. Аэропортда ватандошларни ТИВ ва бошқа ваколатли органлар вакиллари кутиб олди.
Репатриация қилинганларнинг аксарияти «чегарани ноқонуний кесиб ўтишга уринишлардан сўнг узоқ вақт давомида АҚШ миграция марказларида бўлишган», деб хабар берди «Дунё». «Улар Ватанига қайтишда кўрсатилган ёрдам учун ҳукуматга миннатдорчилик билдиришди», деб қўшимча қилди агентлик.
Ёшлардан бири АҚШга «қизиқувчанлик ва бошқаларнинг ҳикоялари таъсирида» кетганини айтди. Харажатлар 23 минг долларни ташкил этган. «80 минг берганлар ҳам бор». У Ўзбекистондан Мексикагача қарийб бир ой йўл босган. Энг қийин қисми Мексикадаги йўл — ўрмонлар ва кимсасиз сўқмоқлар орқали бўлган.
«Америкага боргач, вақтинча сақлаш марказида уч ой ўтирдим. Уйга қайтаришгани учун миннатдорман. Баъзи одамлар бу марказларда йиллаб қолиб кетишади. Бу маънавий ва жисмоний жиҳатдан синдирадиган оғир синов. Дўстлари ёки танишлари «жуда кўп пул топяпмиз» деб у ерга чақираётганларга маслаҳатим — уларга ишонманг. Ҳақиқат бутунлай бошқача. Ҳатто Мексика орқали у ерга етиб борсангиз ҳам, иш топиш, ҳужжатларни расмийлаштириш ва ҳаётда ўрин топиш ниҳоятда қийин… Бегона давлатда ноқонуний, ҳуқуқсиз, кафолатсиз ва барқарорликсиз бўлиб қолиш учун шунча пул сарфлашга арзимайди», — деди.
Мексика орқали АҚШга борган ва вақтинча сақлаш марказида 3 ой бўлган бошқа бир эркак «20 минг долларни шунчаки ҳавога совурганини» айтди. У «совуқ, очлик ва сигирга ҳам бериб бўлмайдиган овқатлар» ҳақида сўзлаб берди. «Бу одамни ичидан синдиради. Марказда ўтириш — аслида қамоқда ўтириш билан бир хил. 20 минг доллар эвазига. Бу яхши ҳаётга олиб борадиган йўл эмас».
«Ҳеч кимга бу йўлни танлашни маслаҳат бермайман. Бу — оғриқ, қўрқув, таҳқирланиш ва тўлиқ ноаниқлик… АҚШга фақат қонуний йўл билан бориш керак. Қонуний мигрант бўлсангиз, ҳуқуқларингиз, ҳужжатларингиз ва ҳаётингизни қонуний йўлга қўйиш имкони бўлади. Ҳа, бу ҳам доим осон эмас, лекин барибир анча енгил ва шарафлироқ», — деди.
Тарих
2023 йил октябрь ойида АҚШ Божхона ва чегара қўриқлаш хизмати (ICE) жами 13,6 минг нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароси Мексика орқали АҚШга киришга уринганда қўлга олинганини маълум қилган эди. Ўша йилнинг ноябрь ойида АҚШ Мексика орқали киришга уринаётган Ўзбекистон фуқароларини ичкарига қўйишни тўхтатишини билдирди. Бунинг ўрнига улар иммиграция иши ҳал бўлгунга қадар ҳибсда сақлана бошланди.
2024 йил охирида АҚШ элчихонаси Ўзбекистон фуқароларини Қўшма Штатларга бориш учун «хавфсиз ва қонуний» йўлдан фойдаланишга чақириб, ноқонуний кирувчилар «тез фурсатда чиқариб юборилишини» маълум қилди. Дипломатик миссия, шунингдек, АҚШ Штатларда қолиш учун қонуний асослари бўлмаган фуқароларни чиқариб юбориш бўйича Ўзбекистон ҳукумати билан «яқиндан ҳамкорлик» қилаётганини қайд этди.
2024 йилнинг тўққиз ойи давомида АҚШ 572 нафар ўзбекистонликни депортация қилди. Бу 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 6,5 баравар кўп. ICE ўша йил охирида депортация қилиниши керак бўлган 975 нафар ўзбекистонлик рўйхатда турганини хабар қилди.
Дональд Трамп ҳокимиятга келганидан сўнг АҚШда ноқонуний мигрантларга қарши операциялар кўлами кенгайтирилди. Ўзбекистон расмийлари ўшанда ватандошларни Ватанига хавфсиз депортация қилишни таъминлаш бўйича АҚШ билан яқин ҳамкорлик қилинаётганини билдирган эди.