2025 йилда Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмалари ҳажми 18,9 млрд долларни ташкил этди, бу 2024 йилдаги кўрсаткичга ($14,8 млрд) нисбатан 27,2 фоизга кўпдир, деб хабар берди Марказий банк.
Ойлар кесимида йил давомида ўтказмалар ҳажми барча ойларда ўтган йилги даражадан юқори бўлди. Энг катта ҳажмлар июль ($1,97 млрд), август ($1,9 млрд), сентябрь ($1,84 млрд) ва октябрь ($1,86 млрд) ойларида қайд этилган.

Дастлаб 2025 йил учун расмий прогнозларда халқаро ўтказмалар ҳажмининг ўсиши 10−12 фоиз даражасида баҳоланган эди. Май ойида Марказий банк ушбу прогнозни 15−18 фоизгача яхшилаган эди, бироқ амалда ўсиш анча юқори бўлди.
Марказий банк қайд этишича, ўтказмалар ҳажмининг ошиши асосан ташқи омиллар билан боғлиқ бўлди. Хусусан, асосий ҳамкор давлатлар валюталарининг мустаҳкамланиши, жумладан, Россия рубли курсининг кўтарилиши, шунингдек, бошқа давлатларга меҳнат мигрантлари оқимининг кўпайиши бунга замин яратди.
Бундан ташқари, 2025 йилда аҳоли томонидан чет эл валютасини сотиш ва сотиб олиш ўртасидаги ижобий фарқ 9,7 млрд долларни ташкил этди, бу 2024 йилдаги кўрсаткичдан 1,4 баравар кўп.
«Умуман олганда, пул ўтказмалари ҳажмининг юқори ўсиши ички истеъмолни ва валюта бозоридаги барқарорликни қўллаб-қувватловчи муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда», — деб таъкидлади регулятор.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил якунлари бўйича мамлакат аҳолисининг умумий даромадларида хориждан ўтказмалар улуши 16,5 фоиздан 21 фоизгача ошган (айрим ҳудудларда бу кўрсаткич 30 фоиздан юқори).