
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 26 декабрь куни парламентга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатнома йўлламоқда. Тадбир Тошкентдаги Конгресс марказида бўлиб ўтмоқда. Унда ҳукумат аъзолари, парламент депутатлари, ҳокимлар, мактаб ўқувчилари, спортчилар, тадбиркорлар, маданият арбоблари ва хорижий меҳмонлар иштирок этмоқда.
«Ўтган 9 йил давомида биз сизлар ва халқимиз билан биргаликда катта тараққиёт йўлини босиб ўтдик», — деди Президент нутқи аввалида.
«Иқтисодиётимиз янгидан шаклланди, бозор муносабатлари ва ижтимоий ҳимояни кенгайтирдик, қонун устуворлигини мустаҳкамладик. Энг муҳими — ислоҳотлар натижалари ҳар бир маҳаллада, ҳар бир фуқаронинг хонадонида сезилмоқда», — дея таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев 2025 йил жуда мураккаб бўлганини қайд этди. У яқингача ҳеч ким тасаввур қила олмаган ўзгаришлар дунёда содир бўлаётган қийин шароитларда ўтди. Мамлакатлар ўртасида иқтисодий қарама-қаршиликлар кузатилмоқда, хавфсизликка таҳдидлар кучаймоқда, деди Шавкат Мирзиёев.
«Қанчалик қийин бўлмасин, бошланган демократик ислоҳотлар қатъий давом эттирилди», — дея таъкидлади.
Давлат раҳбари халқнинг тинимсиз меҳнатини, дўстона ташқи сиёсатни ҳамда демократик ўзгаришлар асоси ва бутун дунёни ҳайратга солаётган феномен деб атаган маҳаллалар фаолиятини алоҳида қайд этди.
Глобал ишлаб чиқариш ва транспорт-логистика занжирларидаги узилишлар, шунингдек, хомашё ва молиявий ресурслар нархининг ошишига қарамай, Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ўсишда давом этмоқда, деди Президент.
«9 йил олдин иқтисодиётимиз учун 100 миллиард долларлик кўрсаткич жуда катта бўлиб туюларди. Жорий йилда ЯИМ ҳажми илк бор 145 миллиард доллардан ошди», — деди давлат раҳбари.
Шу билан бирга, 2 йил олдин қабул қилинган «Ўзбекистон-2030» стратегиясида ЯИМни 2030 йилгача 160 миллиард долларга етказиш мақсади қўйилган эди. Президент яқин 5 йил ичида бу кўрсаткични 240 миллиард доллардан ошириш салоҳияти мавжудлигини маълум қилди. Тингловчилар Президентнинг сўзларини вақти-вақти билан ўринларидан туриб олқишламоқдалар.
Глобал савдо тизимида «ўйин қоидалари» ўзгарган шароитда, якунланаётган йилда Ўзбекистон экспорти 23 фоизга ошиб, 33,4 миллиард долларга етди. Олтин-валюта захиралари илк бор 60 миллиард доллардан ошди.
Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми 43,1 миллиард долларга етди. Умумий инвестицияларнинг ЯИМдаги улуши ҳозирда 31,9 фоизни ташкил этмоқда. Бу яқин йилларда иқтисодиётнинг барқарор ўсиши учун асос бўлади, дея ишонч билдирди Шавкат Мирзиёев.
2025 йил аҳоли фаровонлиги ва бизнесни ривожлантиришга хизмат қилувчи инфратузилмани такомиллаштириш жиҳатидан катта ўзгаришлар йили бўлди, дея давом эттирди Президент.
Электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 85 миллиард киловатт-соатгача ошди. 2016 йилда бу кўрсаткич 60 миллиард эди — «агар ўша даража сақланиб қолганида, биз 38 миллион аҳолини энергия билан таъминлай олмасдик ва иқтисодиётни икки баробар ошира олмасдик», — деди.
Ҳудудларда сув таъминоти яхшиланди — жорий йилда илк бор 188 та тумандаги 715 мингта хонадонга ичимлик суви кирди, 2,3 миллионга яқин аҳолининг сув таъминоти яхшиланди. 867 та «оғир» тумандаги 470 мингта хонадонга томорқаларни суғориш учун илк бор сув етказилди.
2025 йилда 8,1 миллион квадрат метр уй-жой қурилди, одамларнинг ўзлари ҳам 19 миллион квадрат метр уй-жой қуришди. Бизнес томонидан 24 миллион квадрат метр нотурар объектлар барпо этилди. 9 йил ичида жами 210 миллион квадрат метр турар ва нотурар объектлар фойдаланишга топширилди, деб қайд этди Президент.
Унинг қўшимча қилишича, 2025 йилда 5 миллион киши иш билан таъминланди, ишсизлик даражаси эса 5,5 фоиздан 4,9 фоизга тушди. 1,5 миллионга яқин эҳтиёжманд аҳоли камбағалликдан чиқарилди, илк бор 1435 та маҳалла «камбағалликдан холи» ҳудудга айланди.
Мамлакатимизда камбағаллик даражаси йил бошидаги 8,9 фоиздан 5,8 фоизгача камайди. Натижада 3 йил олдин қўйилган — 2026 йилгача камбағалликни икки баробар қисқартириш мақсадига эришилди. «Бу ишни бошлаганимизда аҳолининг учдан бир қисми камбағаллик чегарасида яшарди», — дея эслатди мамлакат раҳбари.

