Тошкентда йил охиригача 452 та эски лифт алмаштирилади

Тошкентдаги кўп қаватли уйларда 2025 йил охиригача 452 та эски лифт янгиланади. Пойтахт ҳокими Шавкат Умрзоқов йил 13 февраль куни 2025—2026 йил куз-қиш мавсумида шаҳар инфратузилмасини тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида қарор қабул қилди.

Пойтахт ҳокимлиги маълумотларига кўра, шаҳарда жами 9101 та лифт мавжуд бўлиб, улардан 2042 таси (22.4%) нинг фойдаланиш муддати тугаган. 2025 йил охирига қадар эски лифтларнинг 452 таси (22.1%) янгиланади.

Янгиланадиган лифтларни танлаш мезонлари — хизмат муддати 25 йилдан ошганлиги ва техник талабларга жавоб бермаслиги ҳисобланади. Хавфсизлик даражаси паст бўлган лифтлар устувор тарзда алмаштирилади.

Ҳужжатга мувофиқ, энг кўп лифтлар Шайхонтоҳур туманида (63 та), Сергели туманида (58 та) ва Мирзо-Улуғбек туманида (44 та) янгиланади.

Миробод ва Юнусобод туманларида 41 тадан, Чилонзор 42 та, Олмазор 35 та, Учтепа 22 та, Яккасарой 25 та, Янгиҳаёт 17 та ва Бектемир туманларида 6 та лифт янгиланади.

Эски лифтлар ўрнига ўрнатиладиган лифтлар OSTEN брендига тегишли бўлиб, улар «Технопарк»да ишлаб чиқарилади.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил апрель ойида лифт импортёри сертификатларининг амал қилиш муддати тугагани сабабли, бир муддат лифтлар импорти тўхтатилган эди. Очиқ рақобат таъминланишини талаб қилган бизнес вакиллари Сенатнинг аралашувидан сўнг, муаммо ҳал бўлган ва сертификатлар қайта берила бошланган.

Кейинчалик Рақобатни ривожлантириш қўмитаси бу борада ҳукуматга бир қатор таклифлар киритди. Хусусан, ваколатли орган томонидан бекор қилинган 17 та сертификатни қайта тиклаш, хусусий секторни лифтларни синовдан ўтказиш хизматлари бозорига жалб этиш ва бошқа таклифлар илгари сурилди.