Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Авто 01/02/2026

Тошкентда 2025 йилда ЙТҲ оқибатидаги ўлим ҳолати бир кишига камайди

Тошкентда 2025 йилда расман 1225 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилди. Пойтахт ИИББ ЙҲХБ бошлиғи Муҳаммад Адиловнинг 2026 йил 28 январь куни халқ депутатлари шаҳар кенгаши йиғилишида тақдим этган ҳисоботи билан танишди.

Ҳисоботга кўра, ЙТҲлар сони 4,3 фоизга — 1280 тадан 1225 тага камайган. Ўлим билан боғлиқ ҳолатлар сони 1,1 фоизга — 91 тадан 90 тага, тан жароҳати олиш ҳолатлари эса 4,5 фоизга (1189 тадан 1135 тага) камайди.

2025 йилнинг февраль ойида кенгаш депутатлари ЙҲХБ олдига қатор вазифаларни қўйган эди. Хусусан, бошқарма транспорт ва пиёдалар оқимини, пиёдалар иштирокидаги ЙТҲларни, авария ўчоқларини синчиклаб таҳлил қилиши ҳамда «ўлим ҳолатларини кескин камайтириш» чора-тадбирларини ишлаб чиқиши лозим эди.

Муҳаммад Адиловнинг маълум қилишича, ЙПХ ходимлари йил давомида 1,3 миллионга яқин йўл ҳаракати қоидалари бузилишини аниқлаган. Улардан 72,8 мингтасини қўпол қоидабузарликлар, жумладан, 4900 та транспорт воситасини маст ҳолатда бошқариш ҳолатлари ташкил этган.

Аниқланган қоидабузарликлар якунлари бўйича 56,9 мингтадан ортиқ транспорт воситаси жарима майдончаларига жойлаштирилди. Бундан ташқари, пиёдалар томонидан содир этилган 299,2 мингта қоидабузарлик қайд этилди.

Фото ва видео қайд этиш воситалари ёрдамида йил давомида 5,27 миллионта ЙҲҚ бузилиши аниқланди.

2025 йили пиёдалар хавфсизлигини ошириш мақсадида мактаблар олдида 60 та кўтарилган пиёдалар ўтиш жойи ташкил этилди, шаҳар бўйлаб кўчалар ўртасига 4,4 км тўсиқлар ўрнатилди. Яна 12,5 км кўчаларда тўсиқлар ўрнатиш ишлари давом этмоқда, деди ЙҲХБ раҳбари.

Унинг қўшимча қилишича, шаҳарда 4580 та янги йўл белгиси ўрнатилган ва 4360 таси алмаштирилган, мактаблар олдида тезликни чекловчи 300 та белги ўрнатилган. 121 та светофор объекти реконструкция қилинган ва 40 та янгиси ўрнатилган.

Таъкидлаш жоизки, халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши ўз йиғилишларини тўғридан-тўғри эфирга узатишни тўхтатди. 2025 йилнинг тўққиз ойи давомида шаҳар бюджети ижроси муҳокамаси, шунингдек, Тошкент шаҳрининг 2026 йилги бюджетини тасдиқлаш жараёнлари очиқ манбаларда эълон қилинмади. Расмий YouTube-каналдаги охирги жонли эфир 2025 йил 20 ноябрь куни жойлаштирилган. Охирги йиғилишдан олинган фотосуратларда тасвирга олиш ишлари мобил телефон орқали олиб борилганини кўриш мумкин.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги масаласидан ташқари, йиғилиш кун тартибига кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ва шаҳарсозлик масалалари киритилди. Хусусан, депутатлар «Халқ назорати» электрон платформасининг 2025 йилдаги иш якунларини, ёш оилалар ва ижтимоий қийин вазиятга тушиб қолган аёлларни уй-жой билан таъминлаш муаммоларини, шунингдек, Тошкентда «дизайн-код» қоидаларини жорий этиш ва реновация лойиҳаларини амалга оширишни тезлаштириш чораларини кўриб чиқдилар. Бундан ташқари, сессияда муниципал мулк объектларидан самарали фойдаланиш, давлат-хусусий шериклик лойиҳалари орқали туристик кўчалар ташкил этиш тартибини тасдиқлаш масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Кун тартибига, шунингдек, 2026 йил учун давлат кўчмас мулкини ижарага беришнинг минимал ставкаларини ва кичик саноат зоналарида ижара ҳақи миқдорини белгилаш, Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларини 2026 йилдаги харажатларга йўналтириш масалалари ҳам киритилган.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йили Ўзбекистонда 9226 та ЙТҲ натижасида 2188 киши ҳалок бўлган ва 8901 киши жароҳатланган (йил давомидаги камайиш — 1 фоиздан кам). ЙҲХХ хабарига кўра, 100 минг аҳолига нисбатан ҳисоблаганда ҳалок бўлганлар сонининг йиллик камайиши сезиларлироқ — 2021 йилдаги 6,9 дан 2025 йилда 5,7 гача (-17%).