
2025 йил метеорологик кузатувлар тарихидаги энг иссиқ иккинчи ёки учинчи йил бўлиш эҳтимоли юқори, деб ёзади Guardian Европанинг иқлим ўзгариши бўйича Copernicus хизмати ҳисоботига таяниб.
Copernicus маълумотларига кўра, январдан ноябргача бўлган глобал ҳарорат ўртача саноатлашувдан олдинги қийматлардан 1,48 даража юқори бўлган. Худди шундай аномалиялар 2023 йилда ҳам қайд этилган — бу 2024 йилдан кейинги кузатувлар тарихидаги иккинчи энг иссиқ йил.
Жаҳон етакчилари аср охиригача сайёра ҳароратининг саноатлашувдан олдинги даражадан 1,5 даражадан ошишига йўл қўймасликка ваъда беришган эди. Олимлар бу мақсадли кўрсаткични 30 йиллик ўртача қиймат сифатида талқин қилишади, бу эса алоҳида ойлар ва йиллар лимитдан ошиб кетишига қарамай, мақсадга эришишга умид қолдиради, деб ёзади Guardian.
«Ноябрда глобал ҳарорат 1,54 даражага кўтарилди. 2023–2025 йиллар учун уч йиллик ўртача кўрсаткич, эҳтимол, биринчи марта 1,5 даражадан ошиши мумкин», — деди Copernicus директори ўринбосари Саманта Бержесс.
Бержесснинг сўзларига кўра, юқори ҳароратлар иқлим ўзгаришининг тезлашаётган суръатларини акс эттиради. У кейинги кўтарилишни тўхтатишнинг ягона йўли иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш эканлигини таъкидлади.
Copernicus маълумотлари Жаҳон метеорология ташкилоти таҳлили билан мос келади. Унинг аниқлашича, сўнгги 11 йил, яъни 2015 йилдан 2025 йилгача бўлган давр, 176 йиллик кузатувлар тарихидаги алоҳида-алоҳида энг иссиқ ўн битта йил бўлган, сўнгги уч йил эса энг иссиқ уч йил бўлган.
2015 йилда қабул қилинган Иқлим бўйича Париж келишувига мувофиқ, давлатлар глобал ҳароратни 1,5 даража Цельсий доирасида ушлаб туриш мажбуриятини олганлар. Бунинг учун келишувда барча давлатлар иссиқхона газлари чиқиндиларини сезиларли даражада камайтириш учун амал қилиши керак бўлган узоқ муддатли мақсадлар белгиланган.

