2028 йилгача Ўзбекистон 460 минг гектар ерни қишлоқ хўжалиги муомаласига қайтаришни режалаштирмоқда

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 12 август куни сув ресурсларини бошқариш ҳамда ирригация тармоғини ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Хусусан, 2020−2024 йилларда суғориш тармоқларини таъмирлаш ва сув тежовчи технологияларни жорий этишга 60 трлн сўм бюджет маблағлари ҳамда 622 млн доллар хорижий инвестициялар йўналтирилган. Агар 2020 йилда сув тежовчи технологиялар қўлланилган майдонлар суғориладиган ерлар умумий майдонининг атиги 4%ни ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 50 фоизга етди.

Ушбу саъй-ҳаракатларнинг давоми сифатида 2025−2028 йилларга мўлжалланган сув ресурсларини бошқариш ва ирригация тармоғини ривожлантириш дастури ишлаб чиқилди.

Тақдимотда масъуллар дастурда кўзда тутилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.

Дастурда сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга устувор аҳамият берилган. 2551 км ирригация тармоқларини реконструкция қилиш режалаштирилган. Насос станцияларининг эскирган ускуналарини энергия тежамкорларига алмаштириш уларнинг йиллик электр энергияси истеъмолини 6,8 миллиард киловатт-соатдан 6,2 миллиард киловатт-соатгача қисқартириш имконини беради.

Сув таъминоти паст бўлган майдонларни 424 минг гектардан 276 минг гектаргача камайтириш, шунингдек, шўрланиш даражаси юқори ва ер ости сувлари юзага яқин бўлган ерлар ҳолатини яхшилаш чоралари кўзда тутилган. Бунинг натижасида 460 минг гектар ер қишлоқ хўжалиги муомаласига қайтарилади.

1,4 миллион гектарда сув тежовчи технологиялар, шу жумладан, 293 минг гектарда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилади. 20 та йирик объектда назорат-ўлчов ускуналари модернизация қилинади.

Сувни ҳисоблашда инсон омилини камайтириш мақсадида 12 мингта мелиоратив қудуқ ва 1750 та насосда замонавий мониторинг жорий этилади. Ўн иккита йирик гидротехника иншооти рақамли технологиялар қўлланилган ҳолда автоматлаштирилган бошқарувга ўтказилади.

«Дастур натижасида бетон қопламали каналлар улуши ҳозирги 39%дан 47%гача ошади, суғориш тармоқларининг сифати яхшиланади, сув йўқотилиши камаяди. Тежаб қолинган сув ҳисобига бу йил 10 миллиард куб метр, 2028 йилгача эса 14 миллиард куб метргача сув тежалиши кутилмоқда», — дейилди йиғилишда.

Давлат раҳбари ушбу таклифларни маъқуллаб, Ўзбекистонда 2025−2028 йилларга мўлжалланган сув ресурсларини бошқариш ва ирригация тармоғини ривожлантириш дастурини тасдиқлади.

Тақдимот чоғида соҳа самарадорлиги ва рақамлаштирилишини ошириш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш бўйича ҳам маълумот берилди.

Ҳозирги вақтда вилоят, туман ва хўжаликларнинг 18,7 мингта гидропостини автоматлаштириш бошланган, кейинги босқичда далалардаги сув тақсимлаш нуқталарини жиҳозлаш кўзда тутилган.

Йиғилишда сув хўжалигини рақамлаштириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. 11 та тармоқ дастурини ягона платформага интеграция қилиш, IT-марказ ва «Ўзбеккосмос» имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда вазият марказини яратиш бўйича топшириқ берилди.

Президент 5200 та насосни электр энергияси ва сув ҳисоблагичлари билан жиҳозлаш, йирик насосларни қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтказиш вазифасини қўйди. Олинган маълумотлар рақамли платформада тўпланиб, у ерда сувдан фойдаланишнинг иқтисодий самарадорлиги таҳлил қилинади.

Ҳозирда 2612 та сув объекти хусусий бошқарувга берилган, энди инвесторлар учун жозибадор шароитлар яратиш орқали йирик насос қурилмалари ҳам хусусий секторга таклиф этилиши айтилди.

2024 йили туман ирригация бўлимлари негизида сув етказиб бериш хизматининг 159 та давлат муассасаси ташкил этилган эди. Улар фаолиятини яхшилаш мақсадида уларга ўз маблағларини мустақил тақсимлаш ҳуқуқини бериш кўзда тутилган. Ходимларнинг малакасини ошириш учун 200 ўринли ўқув марказини ташкил этиш режалаштирилган.

Президент соҳанинг меъёрий базасини такомиллаштириш, сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва жамиятда сувга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш маданиятини мустаҳкамлаш бўйича топшириқ берди.